ҚР Президенти ХХР Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Дин Сюэсянни қабул қилди
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазирининг ўринбосари, Хитой Коммунистик партияси Сиёсий Кенгаши Доимий қўмитаси аъзоси Дин Сюэсянни қабул қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақорда расмий сайтига таяниб.
Суҳбат чоғида Қозоғистон-Хитой стратегик шериклигининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг бунгача эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
“Хитой билан икки томонлама муносабатларни мутлақо янги босқичга кўтариш Қозоғистоннинг муҳим стратегик устувор йўналиши сифатида қаралмоқда. Аслида, Қозоғистон-Хитой муносабатлари ўзаро манфаатли давлатлараро ҳамкорлик намунасини кўрсатади, деб ҳисоблайман. Биз Хитойни ўта муҳим стратегик ҳамкор деб биламиз ва барча соҳаларда ҳамкорликда аниқ натижаларга эришишимизга катта умид боғлаймиз”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари яқинда ўтказилган учинчи олий даражадаги “Бир макон, бир йўл” форуми улкан муваффақият бўлганини, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг кенг кўламли ташаббусини янада ривожлантириш йўлини белгилаб берганини эслатди. Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ушбу лойиҳани амалга оширишда тўлиқ иштирок этишда давом этади.
“Хабарингиз бор, мен яқинда Пекинда расмий ташриф билан бўлиб, раис Си Цзиньпин билан кенг кўламли музокаралар ўтказдим. Олий даражадаги музокаралар жуда мазмунли бўлиб, ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқичга замин яратди. Ўзаро визасиз режим кучга кирди. Келгуси йил Қозоғистоннинг Хитойдаги туризм йили деб эълон қилинди. Бу ўзаро муносабатлар, айниқса, ёшлар учун жуда муҳим қарор, деб ҳисоблайман. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, Хитой билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳар бир давлатнинг устувор йўналишларидан биридир. Биз бу масалага катта аҳамият берамиз”, – деди Давлат раҳбари.
Бундан ташқари, Президент бугун Астана шаҳрида Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қўмита 11-йиғилиши савдо-иқтисодий соҳада қўшма ҳаракатларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўз навбатида Дин Сюэсян Қасим-Жомарт Тоқаевга Раис Си Цзиньпин саломини етказди ва икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиш суръатларидан мамнун эканини таъкидлади.
“Давлат раҳбарларининг келишувларини ҳаётга татбиқ этиш орқали ўзаро ҳамкорликда доимий равишда янги натижаларга эришишни мақсад қилганмиз. Хитой Қозоғистоннинг давлат қурилиши соҳасидаги улкан ютуқларидан чин дилдан хурсанд. Хитой-Қозоғистон муносабатларининг муваффақиятли ривожланиши умумий манфаатларимизга тўла жавоб беради ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Хитой томони давлат раҳбарлари эришган келишувларни ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббусини юқори савияда ва сифатда биргаликда амалга оширишга тайёр”, – деди Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари.
Учрашувда савдо, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, транспорт, логистика, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.