ҚР Президенти давлат мукофотларини топширди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев тантанали равишда давлат ва жамоат арбоби Равиль Ширдабаевни “Отан” ордени, Қозоғистонда хизмат кўрсатган ходим Серик Тоқпановни эса I даражали “Барыс” ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Президент тадбирдаги маърузасида қозоқ халқи Равиль Ширдабаевни истиқлол йилларидан буён миллий ишларда фаол иштирок этиб, давлатчилигимизни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган фуқаро сифатида алоҳида ҳурмат билан қарашини таъкидлади.

“Айниқса, нефть-газ саноати ривожига катта ҳисса қўшгансиз. Сизнинг ташаббусингиз билан бу соҳа янги босқичга кирди. Сиз вазир, вилоят ҳокими, депутат сифатида эл-юрт манфаатига садоқат билан хизмат қилдингиз. Дипломатия соҳасида фаолият юритиб, мамлакатимизнинг халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлашга ҳисса қўшгансиз. Шунингдек, сиз нефть қазиб олиш бўйича бир қанча илмий мақолалар муаллифисиз. Бу борадаги улкан ишларингиз навқирон авлодга ўрнакдир», – деди Давлат раҳбари.

Президент Серик Тоқпанов малакали шифокор, “олтин қўл жарроҳ” сифатида бутун умрини эл-юрт саломатлиги йўлида меҳнат қилишга бағишлаганини ҳам таъкидлади.

«Соғлиқни сақлаш тизимида эллик йилдан ортиқ фаолият юритасиз. Шифокор бўлиш касбга содиқлик демакдир. Бу қийин, мураккаб иш. Фаолиятингиз давомида сиз жуда мураккаб операцияларни бажардингиз ва минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдингиз. Сиз чинакам меҳрибон шифокорсиз. Сиз Қозоғистонда тиббиёт фанини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшгансиз. Бугун сизга топширилган олий давлат мукофоти юрт фаровонлиги йўлида олиб бораётган меҳнатингизнинг муносиб самарасидир. Бу халқимизнинг самимий хайрихоҳлиги ва улкан миннатдорчилигидир», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Равиль Ширдабаев ва Серик Тоқпанов уларни юксак давлат мукофотларига муносиб кўргани учун Президентга миннатдорлик билдирди.