ҚР Президенти Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаевни қабул қилди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаевга ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маъруза қилинди. Давлат раҳбарининг топшириқларини амалга ошириш мақсадида ҳудудий сиёсат бўйича лойиҳа бюроси ташкил этилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Қанат Бозумбаев ҳудудий стандартлар тизимини жорий этиш ҳақида маъруза қилди. Бу ҳудудлар ўртасида ва ҳудудлар ичида инфратузилмага киришда кузатилаётган тенгсизликни камайтириш, аҳоли пунктларини ривожлантиришни самарали режалаштириш имконини беради.

Қасим-Жомарт Токаевга Энергетика ва коммунал хўжалик тармоқларини модернизация қилиш миллий лойиҳасининг амалга оширилиши ҳақида маълумот берилди. Лойиҳа 86 минг километрлик коммунал тармоқларни қуриш ва модернизация қилиш ҳамда умумий қуввати 7,3 ГВт бўлган қўшимча ишлаб чиқариш манбаларини ишга туширишни назарда тутади. Бунда уй-жой коммунал хўжалиги ва энергетика соҳаларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилади.

Давлат раҳбарига аҳолини сифатли ва узлуксиз сув ва канализация тизимлари билан таъминлаш мақсадида коммунал тармоқларни бошқариш бўйича трансмиллий компаниялар билан олиб борилаётган музокаралар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Президент ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади.

Қасим-Жомарт Тоқаев муҳандислик-коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, уй-жой коммунал хўжалигида ягона рақамли экотизимни жорий этиш, сув хўжалигини рақамлаштириш ва сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш бўйича қатор аниқ топшириқлар берди.