ҚР Президенти Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Динара Закиевани қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаевга болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёш авлод саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгги икки йилда болаларнинг ҳуқуқ ва хавфсизлигини таъминлаш, зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш ва вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, дастур ва қонунлар ишлаб чиқилди. Бу борадаги ишлар доирасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ташаббуси билан қонун ҳужжатларига 120 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилда 13 та вилоят ва 73 та аҳоли пунктидаги аҳвол мониторинг қилинган, жумладан, 272 та муассасадаги болалар ўртасида аноним сўровлар ўтказилган, 173 оилада тарбияланган ўсмирларнинг аҳволи ўрганилган. Текширув давомида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган ҳуқуқий нормаларнинг 171 та бузилиши аниқланган.
Маълум бўлишича, ҳудудлардаги 112 оилани қўллаб-қувватлаш марказлари самарали фаолият юритмоқда. Улар оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган.
Вилоят ҳокимликлари ҳузурида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаларини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди. Уларнинг фаолиятини белгиловчи қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Айни пайтда “Қозоғистон халқи учун” жамғармаси ҳамкорлари билан биргаликда 49 та реабилитация маркази очган. Ушбу муассасалар алоҳида эҳтиёжли болаларга хизмат кўрсатади.
Йиғилишда “Қозоғистон болалари” дастурини ишлаб чиқиш, интернет хавфсизлигини таъминлаш, вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимиз болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари тизимини мустаҳкамлаш, ўсмирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизмини шакллантиришда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва ҳудудий вакилларнинг саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш муҳимлигига эътибор қаратди. Шунингдек, мактабларда инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди.