ҚР Президенти Абу-Даби Валиаҳд шаҳзодаси Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан музокаралар ўтказди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Ақорда резиденциясида Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Абу-Даби Валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу ташриф Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлашини айтди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Амирликлар Қозоғистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Икки мамлакатнинг мақсад ва манфаатлари ўзаро мос келади. 2023 йилда икки давлат ҳукуматлари Стратегик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қўшма декларацияни имзолаганди.

Учрашувда БАА Қозоғистон иқтисодиётидаги энг йирик хорижий инвесторлар ўнталигига кириши қайд этилди. Ўтган йили БАА томонидан Қозоғистонга киритилган инвестициялар ҳажми икки баробар ошиб, рекорд даражага етди.

Президент ташриф доирасида умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд бўлган 20 дан ортиқ тижорат шартномалари имзоланишини қўллаб-қувватлади. Бу келишувларнинг амалга оширилиши икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Абу-Даби Валиаҳд шаҳзодаси кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик изҳор этиб, табиати гўзал ва халқи меҳрибон Қозоғистонга мамнуният билан келганини билдирди.

Шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Қозоғистон ва БАА ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, қўллаб-қувватлаш ва умумий фаровонлик сари интилиш тамойилларига асосланганини таъкидлади. Бу алоқалар фақат савдо ва инвестиция билан чекланиб қолмай, энергетика, транспортдан тортиб рақамли инфратузилма ва таълим соҳаларигача кенг қамровли йўналишларни қамраб олмоқда.

Валиаҳд шаҳзоданинг таъкидлашича, бугун имзоланган келишувлар икки мамлакатнинг келажакда ҳам биргаликда самарали иш олиб боришга тайёр эканини кўрсатади.