ҚР Мажилиси ва Россия Думаси ўртасидаги палаталараро парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича палаталараро парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш олдидан Мажилис раиси Давлат Думаси раисининг биринчи ўринбосари, комиссиянинг Россия томонидан ҳамраиси Александр Жуковни қабул қилди.
Астанада бўлиб ўтган йиғилишни очар экан, Палата спикери Россия Қозоғистоннинг ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори эканини таъкидлади.
- Ҳар йили муносабатларимиз янада мустаҳкамланиб бормоқда. Биз бунга раҳбарларимиз Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев ва Владимир Владимирович Путин туфайли эришдик. Давлат раҳбарлари шерикликни янги ривожланиш босқичига кўтардилар. Қозоғистонда халқларимизнинг тарихий дўстлиги юксак қадрланади, - деди Ерлан Қошанов.
Мажилис спикери икки давлатни дунёдаги энг узун чегара боғлаб турганини таъкидлаб, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошгани, айланманинг 70 фоизга яқини ҳудудлараро ва трансчегаравий савдога тўғри келганини қайд этди.
— Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда парламентлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Биз турли платформаларда тез-тез учрашиб, фикр алмашамиз. Ҳар бир учрашувимиз янги ғоя ва ташаббусларга бой. Кўплаб долзарб масалалар бўйича ҳамиша умумий қарорга келганимиздан хурсандмиз. Бугун комиссиямиз ишини узоқ вақтдан сўнг жонлантирганимиз ҳам ҳамкорликка тайёр эканимиздан далолатдир, - деди Ерлан Қошанов.
Давлат Думаси раисининг биринчи ўринбосари Александр Жуков ўз нутқида икки давлат президентлари келишувларини қонунчилик нуқтаи назаридан таъминлаш, Қозоғистон ва Россия фуқароларини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш жуда муҳим эканини таъкидлади.
Шунингдек, кун тартибидан атроф-муҳитдан самарали фойдаланиш, трансчегаравий дарёлар, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича ҳамкорлик ва бошқа масалалар ҳам ўрин олган.
Комиссия ишида Қозоғистондан вазир ўринбосарлари ва масъул давлат тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.
Муҳокама якунлари бўйича йиғилганлар томонидан давлат органларига таклифлар киритилиб, кун тартибидаги ҳар бир масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.