ҚР Давлат котиби Германия ташқи ишлар вазирлиги вакили билан учрашди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Давлат котиби Ерлан Қарин Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё, Шарқий Европа ва Кавказ бўйича вакили Маттиас Люттенберг билан учрашди, деб хабар беради Ақорда.

Учрашувда Ерлан Қарин ва Маттиас Люттенберг Қозоғистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Давлат котиби Қозоғистон Германияни Европа ва Европа Иттифоқидаги муҳим стратегик ҳамкори деб билишини ҳамда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, Ерлан Қарин мамлакатни сиёсий модернизация қилиш ва Президентнинг янги иқтисодий ташаббусларини амалга ошириш бўйича режалар ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида Маттиас Люттенберг Давлат котибига учрашиш имконияти учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон ва Германия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.