Қозоғистоннинг қайси вилоятида сайёҳлар сони кўп

Фото: Фото: Алматы әкімдігі

ASTANA. Kazinform – 2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Қозоғистон туризм соҳасида барқарор ижобий кўрсаткичларга эришди. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҚР Туризм индустрияси қўмитаси раиси Нуртас Ғалимули Карипбаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ички туризм фаол ривожланиб боряпти.

“Ички туризмни жойлаштириш объектларида хизмат кўрсатилаётган фуқаролар сони 3,9 миллион кишига етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 500 мингга кўпдир. Маҳаллий сайёҳлар сонининг сезиларли ўсиши, айниқса, Алмати вилояти (+56 фоиз), Қизилўрда вилояти (+54 фоиз) ва Ақтўбе вилоятида (+40,8 фоиз) қайд этилди”, — деди Н.Карипбаев.

Маърузачи хориждан келаётган сайёҳлар сони ортиб бораётганини ҳам таъкидлади.

“Умуман олганда, мамлакатимизга турли туристик мақсадларда 7,5 миллион хорижий меҳмон келган. Бу рақам ишлаш ёки доимий яшаш учун келганлардан мустасно ҳолда белгиланади. Бу кўрсаткичдан 5 миллион киши мамлакатимизда бир кундан ортиқ вақт ўтказган, шунинг учун биз уларни хорижлик сайёҳлар қаторига киритамиз”, — деди қўмита раиси.

Сайёҳлик объектларининг даромади ҳам ортиб боряпти. Меҳмонхоналар, дам олиш марказлари, ётоқхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларининг умумий даромади 151 миллиард тенгега етди. Бу ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 25 фоизга кўпдир.

“Мамлакатимизда жойлаштириш объектларининг умумий сони 4 442 тага етди (ўсиш — 255 та объект). Уларнинг бир вақтда қабул қилиш қуввати 232 мингдан ортиқ ётоқ ўрнини ташкил этади (ўсиш 12 минг ўрин), — деди Нуртас Карипбаев.

Ҳудудлар бўйича жойлаштириш жойларининг энг юқори ўсиши Жетису вилоятида (+11%), Қарағанди вилоятида (+13%), Шарқий Қозоғистон вилоятида (+11%) ва Шимкент шаҳрида (+10%) кузатилди.

Шу билан бирга, туризм соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.

“Инвестициялар ҳажми 27 фоизга ошиб, 592 миллиард тенгени ташкил этди. Бу кўрсаткич бўйича энг юқори ўсиш Улитау вилоятида (+626%), Ақтўбе вилоятида (+241%), Атирау вилоятида (+214%) ва Қизилўрда вилоятида (+97%) қайд этилди”, — деди қўмита раиси.

Муаллиф: Тастан Тоянов