Қозоғистонликларнинг рақамли саводхонлик даражаси 92,8 фоизни ташкил этди
ASTANA. Kazinform - ҚР Миллий статистика бюроси 21 мингта уй хўжалиги ўртасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича ўтказилган сўров натижаларини тақдим этди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, умумий аҳолининг 90,9 фоизи (16-74 ёш) компьютер, ноутбук ёки планшетдан фойдаланади. 16 ёшдан 74 ёшгача бўлган интернет фойдаланувчилари (шу жумладан мобиль) улуши 96,2% ни ташкил этди.
Аҳолининг рақамли саводхонлик даражаси (шахсий компьютер, смартфон, планшет, ноутбук, стандарт дастурлардан фойдаланиш, интернет орқали хизмат ва сервисларни олиш) 92,8 фоизни (16–74 ёш) ташкил этди.
Уй хўжаликларида мобиль телефонлардан фойдаланувчиларнинг улуши 99,3%, кабель телевидениеси – 23,3%, сунъий йўлдош телевидениеси – 31,8%, стационар компьютерлар – 39,4%, ноутбуклар – 59,9%, планшетлар – 32,2%ни ташкил этди.
Интернетдан фойдаланиш мақсадлари бўйича энг кўп фойдаланувчилар "хабар алмашиш" бандини кўрсатган - респондентларнинг 69,6%, ижтимоий тармоқлар учун - 65,8%, контентни юклаб олиш (фильмлар, мусиқа ва ўйинлар) учун - 48,1%.
Интернет орқали харид (буюртма) амалга оширган фойдаланувчиларнинг улуши респондентларнинг 28,5 фоизини ташкил этди. Интернет орқали буюртма қилинган энг машҳур маҳсулотлар кийим-кечак ва пойафзал (62,1 фоиз), озиқ-овқат (49,1 фоиз) ва косметика (32,7 фоиз) бўлди.