Қозоғистонлик спортчилар қишки Осиё ўйинларида 51 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради
ASTANA. Kazinform - Хитойда бўлиб ўтадиган IX қишки Осиё ўйинларида Қозоғистондан 138 нафар спортчи иштирок этади. Бу ҳақда ҚР Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов Ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
"2025 йил 7-14 февраль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Харбин ва Ябули шаҳарларида IX қишки Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Қишки Осиё ўйинлари дастурига спортнинг 6 тури: конькида учиш, биатлон, керлинг, чанғи учиш, хоккей, ски-альпинизм киради. Умумий дастурга 11 та спорт тури киради. Ўйинларда Осиёнинг 32 давлатидан 1000 нафардан ортиқ спортчи иштирок этиб, 64 та медаллар жамланмасига даъвогарлик қилади”, – дейди Е. Мирзабосинов.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистон терма жамоаси 6 та спорт тури ва 10 та йўналиш бўйича мусобақаларда иштирок этади. Жамоа 138 нафар спортчидан (72 нафар эркак ва 66 нафар аёл) иборат. Улар 51 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борадилар.
“Таққослаш учун, 2017 йили Саппорода (Япония) бўлиб ўтган Осиё ўйинларида 116 нафар қозоғистонлик спортчи иштирок этган. Қозоғистон терма жамоаси 1996 йилдан буён илк бор қишки Осиё ўйинларида кучли тўртликдан жой олди. 2017 йилда Қозоғистон Саппорода 32 та медаль қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллади. 2025 йилда Харбинга борадиган делегациянинг ярмидан кўпи Астана, Алмати ва Шарқий Қозоғистон вилояти спортчилари бўлади. Миллий терма жамоа ўйинларга тайёргарлик кўриш мақсадида 137 та йиғин ўтказди”, — деди вазир.
Бундан ташқари, спортчилар 86 та халқаро мусобақада қатнашиб, 33 та медални қўлга киритди.
Аввал IX қишки Осиё ўйинлари чипталари сотувга чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик.