Қозоғистонга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларни рўйхатга олиш қандай ўтказилади

Фото: Фото: МИД РК

ASTANA. Kazinform – Ўтган йили Қозоғистонга турли мақсадларда 15,3 миллион хорижий меҳмон ташриф буюрди. Бу ҳақда ҚР Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов маълум қилди.

“Ҳукумат даражасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ўтган йил давомида туризм соҳаси барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Маҳаллий сайёҳлар сони 10,5 миллион кишини ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 900 минг нафарга кўпайди. Жами бўлиб, мамлакатимизга турли мақсадларда 15,3 миллион нафар хорижий меҳмон ташриф буюрди. Айтиш жоизки, бу ерга ишлаш ёки доимий яшаш учун келганлар ҳисобга олинмайди”, - деди Ербол Мирзабосинов Ҳукумат уйида.

Вазирнинг сўзларига кўра, ўтган йили 15,3 миллион хорижий ташриф буюрганларнинг 10,4 миллиони мамлакатда 1 кундан ортиқ вақт ўтказган.

“Биз уларни хорижлик сайёҳлар қаторига киритамиз. Деярли барча ташриф буюрувчилар, хоҳ дам олувчилар, хоҳ делегатлар, хоҳ дўстлари ёки қариндошлари бўлсин, туристлар ҳисобланади. Чунки улар мамлакатимизга келиб, турар жой, овқатланиш, транспорт ва бошқа хизматлардан фойдаланиб, иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бироқ, статистик маълумотларга кўра, тилга олинган 10 миллион сайёҳнинг 9 миллиони жойлаштириш муассасаларида рўйхатдан ўтмаган”, - дейди у.

Бунда хорижлик меҳмонларни рўйхатга олиш Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизматининг статистик маълумотларига, ички туризмга оид маълумотлар эса жойлаштириш воситалари ҳисобига асосланади.

“Сайёҳлар оқимини тўғри баҳолаш учун Миллий статистика бюросига уяли алоқа операторлари маълумотларидан фойдаланиш имконияти берилиши керак. Бундан ташқари, унинг иқтисодий ҳиссасини таҳлил қилиш учун банк карталари операциялари асосида туристик харажатлар ҳақида маълумот керак. Туристларни рўйхатга олишнинг яна бир усули – «eQonaq» ахборот тизими. Тизим миграция мониторинги ва туристлар оқимини таҳлил қилиш учун яратилган. Тизимни жорий этиш орқали қуйидаги муҳим ўзгаришлар киритилди”, — дея қўшимча қилди вазир.