Қозоғистонда жиноятчилик даражаси 11 фоизга камайди
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ички ишлар органлари марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Polisia.kz.
Йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган тезкор тадбирлар якунлари сарҳисоб қилиниб, Давлат раҳбарининг ҳуқуқ-тартибот идораларининг кенгайтирилган йиғилишида берган топшириқлари ижроси доирасидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ички ишлар вазири Ержан Саденовнинг айтишича, жиноятчиликка қарши курашда ижобий тенденция кузатиляпти. Рўйхатга олинган жиноятларнинг умумий сони 11 фоизга камайди. Қотиллик, танага оғир шикаст етказиш, зўравонлик, талончилик, безорилик, ўғирлик, мол ўғирлик ва бошқа жиноятлар сони камайди.
Жамоат жойлари ва кўчаларда жиноятчилик даражаси ҳам камайди. Йиғилиш иштирокчилари томонидан ижобий натижалар билан бирга бўлинмалар фаолиятидаги камчиликлар ҳам кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди. Раҳбар ва шахсий таркибга “Қонун ва ҳуқуқ” тамойилини тарғиб қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, жиноят-ижроия тизимини такомиллаштириш, ички ишлар органлари фаолиятининг хизмат моделини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, бўлинмаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, “Тоза Қозоғистон” республика акциясини сифатли ўтказиш, мамлакатда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва тергов соҳасида судгача бўлган жараёнда рақамли ечимларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Қозоғистон полицияси куни муносабати билан ўтказилган ҳайъат йиғилишида ички ишлар органларининг ўз фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган энг яхши ходимлари тақдирланди.