Қозоғистонда йил бошидан буён 326,3 минг тонна нон ишлаб чиқарилди

Фото: Фото: АШМ

ASTANA. Kazinform – Ҳар йили 16 октябрь бутун дунёда “Нон куни” сифатида нишонланади. Қозоғистон - ғаллага бой, жаҳон бозорида ўз ўрнини эгаллаган, ўзининг ички бозорини тўлиқ таъминлаган, нонни қадрлайдиган ва нон пиширишнинг бой анъанасини шакллантирган мамлакат.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили Қозоғистонда 510,1 минг тонна нон ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йил январь-август ойларида бу кўрсаткич 326,3 минг тоннани ташкил этди.

Бугунги кунда нон заводларининг ишлаб чиқариш қуввати йилига 457,4 минг тоннага етади. Маҳсулотнинг асосий қисми буғдой унидан пиширилган оддий нондир. Унинг улуши умумий ассортиментнинг тахминан 60% ни ташкил этади. Истеъмолчилар талабидан келиб чиқиб, маҳсулотлар турлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Анъанавий нон турларидан ташқари, узоқ ва қисқа муддатли нон, ун маҳсулотлари ва қандолат маҳсулотларининг кенг ассортименти ишлаб чиқарилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар давлат томонидан тизимли равишда қўллаб-қувватланмоқда.

2021–2030 йилларга мўлжалланган Қишлоқ хўжалигин ривожлантириш концепцияси доирасида йилига 2 минг тоннадан ортиқ нон ёки қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналарга инвестиция харажатларининг 25 фоизини қоплаш шаклида қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ун ишлаб чиқарувчилар учун солиқ имтиёзлари мавжуд. Солиқ кодексининг 411-моддасига мувофиқ ушбу секторда ҚҚС ставкаси 70 фоизга пасайтирилди.

Айни пайтда Қозоғистонда нон ишлаб чиқариш ички бозор эҳтиёжларини тўлиқ қондиради. Ҳар бир нон маҳсулоти деҳқон, тегирмончи, новвой ва логистикнинг машаққатли меҳнати самарасидир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Қозоғистон буғдойи ва нефть маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани ҳақида хабар берган эдик.