Қозоғистонда ҳудудларни газлаштиришга қўшимча 50,1 миллиард тенге йўналтирилди
Бу ҳақда Энергетика вазири Болат Ақшолақов Мажилисдаги Ҳукумат соатида маълум қилди.
«Бугунги кунда маиший газ истеъмоли кескин ошгани ва мамлакатни янада узлуксиз газлаштириш учун газ ташиш тизимини модернизация қилиш зарурати туфайли вазирлик «ҚазақГаз» компанияси билан биргаликда газлаштиришнинг бош схемасини янгиламоқда ва у якунлаш арафасида.
«Аманат» партиясининг «Йўл харитаси» доирасида вазирликда 2 та банд тасдиқланди. 2021 йил якунларига кўра, 68 минг аҳолини газ билан таъминлаш режалаштирилган эди. Йил якунига кўра 165,9 минг киши газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Умуман олганда, 2021 йил учун режалаштирилган газлаштириш даражаси 53,71 фоизни, амалда 57,67 фоизни ташкил этди», — деди Болат Ақшолақов.
Унга кўра, 2025 йилгача бюджет ҳисобидан 246 та қишлоқни газ билан таъминлаш режалаштирилган. Ҳозиргача режа асосида 187 та аҳоли пунктини газлаштириш учун маблағ ажратилди.
«Жорий йилда республикани газлаштириш учун республика бюджетидан 45,8 миллиард тенге ажратилди. Бундан ташқари, 2022 йилги республика бюджетини аниқ кўриб чиқиш доирасида қўшимча 50,1 миллиард тенге қўллаб-қувватланди. Натижада 133 та лойиҳани амалга ошириш учун 96 миллиард ажратилган. Бу 146 минг аҳоли ёки 93 та аҳоли пунктини газ билан таъминлашга етади. 2022 йил якунларига кўра, режалаштирилган газлаштириш даражаси 58,43 фоизни ташкил қилиши керак», — деди вазир.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги Россиядан газ етказиш учун чегара ҳудудлари эҳтиёжларини ўрганаётганини билдирган эди.
Муаллиф: Есимжан Нактибай