Қозоғистонда СИ соҳасида 25 та таълим дастури ишлаб чиқилган

Фото: Фото: pixabay

Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги маҳаллий олий таълим муассасаларида сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича тушунтириш берди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Айни пайтда мамлакатдаги 20 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлашга қаратилган 25 та янги таълим дастурлари ишлаб чиқилган.

Улар орасида "Амалий сунъий интеллект", “Сунъий интеллект муҳандислиги ва блокчейн”, "Кибернетика ва сунъий интеллект", "Тиббиётда сунъий интеллект", "Сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлили", “Транспорт муҳандислигида смарт-технологиялар ва сунъий интеллект”, “Компьютер фанлари ва сунъий интеллект” каби соҳаларни қайд этишимиз мумкин.

Бундан ташқари, айни пайтда етакчи хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича фаол ишлар олиб бориляпти. Қўрқит Ата номидаги Қизилўрда университети Сеул миллий фан ва технология университети билан биргаликда “Сунъий интеллект меъмори” (AI Architect) ва “Маълумотларни бошқариш” (Data Management) йўналишларида қўшма икки диплом дастурини йўлга қўйишни режалаштирган. 

Шунингдек, Сатпаев номидаги Қозоғистон Миллий техника тадқиқот университети ва City University (CityU) ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми доирасида сунъий интеллект йўналишида компьютер фанлари бўйича икки томонлама бакалавриат дастури, шунингдек, “Машиналарни ўрганиш ва маълумотлар фанлари мутахассислиги” (Machine Learning & Data Science) бўйича магистратура мутахассисларини тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб “Машинасозликда смарт-технологиялар ва сунъий интеллект” инновацион таълим дастури жорий этилади. 2025-2026 ўқув йилидан эса University Alliance of Science and Technology билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги “Сунъий интеллект” таълим дастурига абитуриентларни қабул қилиш бошланади. Ушбу дастурнинг мақсади сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда касбий фаолиятнинг турли соҳаларида мураккаб масалаларни ҳал қила оладиган чуқур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдир.