Қозоғистонда сайёҳлар орасида машҳур бўлган глэмпинг марказлари
ASTANA. Kazinform – Глэмпинг – бу шунчаки дам олиш эмас, балки табиат ва қулайликни уйғунлаштирувчи ўзига хос ҳаёт тарзи. Бу ерда сайёҳлар табиат қўйнида дам олиб, меҳмонхона даражасидаги хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўладилар.
Бугунги кунда глэмпинглар нафақат дунё бўйлаб, балки Қозоғистонда ҳам кенг тарқалмоқда. Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги сайёҳлар орасида энг машҳур глэмпинг марказларини тақдим этди:
L•E•S Hotel & Resort (Бурабай)
Бу глэмпинг Бурабайдаги қарағай ўрмонининг қоқ ўртасида жойлашган. A-frame услубидаги уйлар панорамали ойналар билан жиҳозланган, интерьер эса скандинав услубида безатилган. Ҳамма нарса осойишта ва онгли дам олиш учун мўлжалланган — муаллифлик таомларидан тортиб, шинам соунагача. Табиат хотиржамлиги ва романтикани севувчилар учун идеал танлов.
OMIR Glamping (Ақтау)
Каспий денгизи соҳилида жойлашган бу ўзига хос глэмпинг миллий услубни ва замонавий минимализмни ажойиб тарзда уйғунлаштирган. Уйлар қозоқ маданиятига хос элементлар билан безатилган. Панорамали ойналар ҳар бир тонгни унутилмасдай қарши олиш имконини беради. Қулайлик, мазмунли дақиқалар ва табиат билан уйғунликни қадрлайдиганлар учун ажойиб жой.
Tenir Eco Hotel (Шимбулақ, Алмати)
Денгиз сатҳидан 3200 метр баландликда жойлашган бу глэмпингга фақат осма йўл орқали етиб борилади. Бу ерда панорамали ойналар орқали тоғ манзарасидан баҳра олиш мумкин. Ski-in/ski-out формати қишки спорт турларини хуш кўрадиганлар учун ҳақиқий жаннат.
Aspen Eco Hotel (Бурабай)
Кумбаза шаклидаги уйлар Бурабайдаги қарағай ўрмонларида жойлашган. Иссиқ пол, замонавий қулайликлар ва панорамали манзаралар осойишта ва шинам дам олишни таъминлайди. Бу ерда тоза ҳаводан нафас олиб, ўрмонда сайр қилиб, куч тўплаш мумкин. Шаҳар шовқин-суронидан бироз узоқлашиб, ёлғизликда дам олишни хоҳловчилар учун ажойиб жой.
Charyn Canyon Camp (Шарин каньони)
Қозоғистоннинг энг диққатга сазовор табиий манзараларидан бири яқинида жойлашган бу глэмпинг – саргузаштли дам олишни яхши кўрадиганлар учун мўлжалланган. Кечқурун ёниб турган олов атрофида ўтиришлар, юлдузли осмон остидаги сукунaт ва каньон бўйлаб сайрлар меҳмонларда унутилмас таассуротлар қолдиради.