Қозоғистонда савдо соҳасида 1,5 миллион киши ишлайди – вазирлик
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги биринчи ярим йилликда савдонинг асосий кўрсаткичларини эълон қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу даврда савдо соҳаси барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолди ва мамлакат иқтисодиётининг йирик тармоқларидан бири бўлиб қолди.
– Савдо соҳаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 19 фоизини ташкил қилади. Бугунги кунда соҳада 1,5 миллиондан ортиқ киши банд. Республикада 748 минг 545 тадбиркорлик субъекти, 626 бозор ва 142 мингдан ортиқ савдо шохобчалари фаолият кўрсатмоқда.
2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, реал савдо ҳажми индекси (РСҲИ) режалаштирилган 8 фоиз ўрнига 8,4 фоизга етди. Савдо ҳажми номинал қийматда 31,4 триллион тенгени ташкил этди. Шундан улгуржи савдо РСҲИ 109,2 фоиз ёки 21,2 триллион тенге, чакана савдо РСҲИ 106,6 фоиз ёки 10,1 триллион тенгени ташкил этди. Бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори, — дейилади хабарда.
Вазирлик нохомашё экспортини ривожлантиришни ўзининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олди. 2025 йилнинг январ-апрель ойларида ишлаб чиқариш соҳасида товар айланмаси 25 миллиард долларни, шу жумладан экспорт 7,8 миллиард долларни ташкил этди. Шу даврда кунгабоқар ёғи экспорти 69,5 фоизга, чорва озуқаси экспорти 2,5 баробарга, қайта ишланган ва ярим қайта ишланган олтин экспорти эса 52,7 фоизга ошди. Қозоғистон маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия, Хитой, Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Тожикистон, АҚШ, Нидерландия, Франция ва Япония ҳисобланади.
- Эрон (Теҳрон), Венгрия (Будапешт), Хитой (Сиань, Чунцин) ва Афғонистонда (Кобул) савдо-иқтисодий миссиялар ташкил этилди. Миссияларда 100 дан ортиқ қозоғистонлик экспортёрлар иштирок этиб, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, металлургия, кимё, қурилиш, тиббиёт ва логистика соҳаларида ўз маҳсулотларини намойиш этдилар. Натижада умумий қиймати 333 миллион АҚШ доллари ва 15 миллион евролик тижорат шартномалари имзоланди, — дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик томонидан экспортни жадаллаштириш дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 120 та корхона экспорт фаолиятини фаол ривожлантирмоқда. Уларга маслаҳат бериш, қўллаб-қувватлаш ва харажатларини қоплаш шаклида ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Мамлакат тадбиркорларининг халқаро кўргазмаларда, жумладан, Шанхай импорт кўргазмасида иштирок этиши ҳам ташкил этилмоқда.
Экспортни қўллаб-қувватлашнинг амалдаги чора-тадбирлари ҳам изчил такомиллаштирилмоқда. Бу эса экспортбоп янги корхоналарни ривожлантириш ва уларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини оширишга замин яратмоқда.
– Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2025 йилнинг олти ойида қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларига 27 889 та мурожаат келиб тушган. Натижада истеъмолчиларга 881,4 миллион тенге қайтарилди, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, савдо маданияти ва адолатли нарх: вазирлик чакана савдо тармоқларига талабларни кучайтиради.