Қозоғистонда миллий рақамли инвестиция платформаси ишга туширилади

Фото: Фото: primeminister.kz

Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр раислигида Инвестицияларни жалб қилиш бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишида янги ахборот тизими тақдим этилди, дея хабар беради Каzinform Бош вазирнинг расмий ахборот ресурсига таяниб.

Миллий рақамли инвестиция платформаси инвестиция лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун ахборот тизимини яратишни назарда тутади. Бу барча томонлар - тадбиркорлар ва давлат органлари, молия институтлари ва квазидавлат сектори вакиллари учун бирдек фойдали бўлиши режалаштирилган.

Рақамли платформанинг функционаллиги бутун жараённи, жумладан, Қозоғистонда инвесторлар учун мавжуд бўлган давлат хизматларини тўлиқ қамраб олиш имконини беради.

Инвестицияларни жалб қилиш масалаларида давлат хизматларини рақамлаштириш Ҳукуматнинг устувор ва долзарб вазифаларидан биридир. Таъкидланганидек, миллий инвестиция платформаси биринчи навбатда инвесторлар учун ишлаб чиқилмоқда. Шунинг учун у барча тавсия этилган қўллаб-қувватлаш чораларини ўз ичига олиши ва иложи борича фойдаланувчилар учун қулай бўлиши керак.

Миллий инвестиция платформаси нафақат кўплаб жараёнларни соддалаштиради, балки уларнинг шаффофлигини ҳам таъминлайди. Бу, ўз навбатида, Қозоғистоннинг сармоявий жозибадорлигини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда. Шу муносабат билан давлат органларига платформани ишга туширишни жадаллаштириш ва инвестиция лойиҳалари бўйича барча маълумотларни тизимга киритиш топширилди.

Инвестицияларни жалб этиш бўйича кенгаш йиғилишида транспорт, логистика, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, транспорт соҳасида Катта Алмти автомобиль ҳалқа йўли лойиҳаси мисолида «концессия» механизмини янада ривожлантириш, шунингдек, фуқаро авиацияси ва темир йўл транспорти соҳасидаги лойиҳалар жамғармасини бир неча баробар кўпайтириш зарурати қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, биотехнологик препаратлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, клиникалар қуриш каби алоҳида инвестиция лойиҳалари кўриб чиқилиб, вазифалар берилди.

Улитау вилояти ҳокимлигининг инвестицияларни жалб этиш бўйича олиб бораётган ишлари ҳудудлар кесимида кўриб чиқилди. Бугунги кунда вилоятда 19 та инвестиция лойиҳаси жамғармаси яратилиб, улар доирасида 1700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Белгиланган мақсадларга эришиш учун вилоятга сармоя жалб этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш зарурлиги қайд этилди. Давлат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларига барча қайд этилган муаммоларни қисқа муддатда ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.