Қозоғистонда Германия сармояси иштирокида мингдан ортиқ компания фаолият юритмоқда

Фото:
ASTANА. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр Қозоғистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имкониятларини маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Қозоғистон Германиянинг Марказий Осиёдаги етакчи иқтисодий ҳамкори бўлиб, минтақа билан товар айирбошлашнинг 80 фоиздан ортиғи Қозоғистонга тўғри келади. Барча тўсиқларга қарамай, ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошди ва жорий йилда товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш учун яхши шарт-шароит мавжуд. Ўтган йил охирида товар айирбошлаш 2,8 миллиард долларни ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан қарийб 25 фоизга кўпдир», — деди Роман Скляр Қозоғистон-Германия бизнес-форумида.

Унинг сўзларига кўра, бундай динамика қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги ижобий тенденциялар туфайли мумкин бўлди.

«Ҳозирги кунда Қозоғистонда Германия капитали иштирокида мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Биз немис бизнеси билан янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдормиз», — дея қўшимча қилди Бош вазир ўринбосари.

Муаллиф: Серик Сабеков