Қозоғистонда электрон тижорат 14 фоизга ўсди

Фото: Фото: freepik.com

ASTANA. Kazinform – ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев режалаштирилган савдо кўрсаткичларига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, 9 ойда савдо соҳасининг реал ҳажм индекси 108,8 фоизни ташкил этди. Номинал кўринишда товар айирбошлаш ҳажми 52,8 триллион тенгени ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,5 фоизга ўсди.

“Бундай ўсиш мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кузатилмоқда. Савдо ўсишига энг катта ҳисса қўшган вилоятлар Алмати, Астана, Чимкент шаҳарлари ҳамда Атирау ва Қарағанди вилоятларидир. Ушбу бешта ҳудуднинг улуши умумий савдо ҳажмининг 71,3 фоизини ёки 37,6 триллион тенгени ташкил этади”, – деди А.Шаққалиев.

Улгуржи савдо ҳажми 35 триллион тенгедан ошди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ўсди. Асосий ўсишга ноозиқ истеъмол товарлари ва саноат-техника товарлари ҳисса қўшди. Уларнинг улуши тахминан 82% ни ташкил этади. Сентябрь ойида хом нефть ва табиий газ сотиш ҳажми камайди.

Чакана савдо ҳам барқарор ўсишни кўрсатяпти. Савдо корхоналари орқали товар айирбошлаш 6,7 фоизга, якка тартибдаги тадбиркорлар, шу жумладан бозорларда ишлаётганлар орқали эса 8,1 фоиздан ортиқни ташкил этди. Чакана товар айланмаси бўйича биринчи учликдан Алмати (32,8 фоиз), Астана (14 фоиз) ва Қарағанди вилояти (7,3 фоиз) жой олди, деди савдо вазири.

“Шу билан бирга, чакана савдо айланмасининг муҳим омилларидан бири бу электрон тижоратдир. Охирги ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг 9 ойида онлайн савдолар ҳажми қарийб 2,7 триллион тенгени ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга кўпдир”, — деди спикер.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи