Қозоғистонда электромобиллар сони уч баробарга ошди

Фото:
ASTANA. Kazinform – ҚР Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, ўтган йил март ойидан жорий йил март ойигача мамлакатда электромобиллар сони сезиларли даражада ошган. Яъни, 631 тадан 1,9 мингтага етган. Бу кўрсаткич, айниқса, ўтган йилнинг декабрида кузатилди. Бир ой ичида 521 та электромобиль рўйхатга олинди. Шунингдек, жорий йил январь-март ойларда янги электромобиллар сотуви сезиларли даражада ошди, дея хабар беради Kazinform мухбири Energyprom.kzга таяниб.

Бу сўнгги ўн йил ичида электромобиллар сонидаги биринчи жиддий ўзгариш. Миллий статистика бюроси 2012 йилдан бери электромобиллар ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб келади. Электромобилларнинг рекорд сони (785 та электромобиль) аввалроқ 2016 йилнинг 1 январида қайд этилган эди.

Бироқ, электромобиллар сонининг кўпайишига қарамай, уларнинг маҳаллий автотураргоҳлардаги улуши жуда кичик. Агар ўтган йил мартда электромобилларнинг улуши 0,01 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил 1 апрелда у атиги 0,04 фоизга ошди.

1,9 мингта «яшил» автомобилнинг 1,6 мингтаси енгил автомобиллар. Уларнинг улуши 84 фоиздан ошади. Электр двигателли юк машиналари (8,8%) ва автобуслар (6,9%) эса анча кам. Статистик маълумотларга кўра, жамоат транспортининг асосий қисми ўтган йилнинг декабрь ойидангина харид қилина бошлаган. Яъни, 109 та электробус рўйхатга олинган бўлса, жорий йил март охирига келиб уларнинг сони 134 тага етди.

Электробус шаҳар жамоат транспорти асосан Астана (67) ва Алмати (32) шаҳарларида кузатилади. Астана маъмурияти матбуот хизмати маълумотларига кўра, ўтган йили метрополда шаҳар йўналишларига электр моторли 115 та автобус чиқарилди. 2023 йил охиригача Астанадаги электробуслар парки 300 тага етказилади.

Аккумуляторли автомобилларнинг 1,2 мингтаси ёки 63,9 фоизи Алматида рўйхатга олинган.