Қозоғистонда бугун - Меҳнат куни

Фото: Фото: Мухтор Холдорбеков/ХАА "Kazinform"

Бугун, 24 сентябрь куни Қозоғистонда Меҳнат куни нишонланади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ушбу байрам 2013 йилда ишчи касбларини ҳурмат қилиш анъаналарини янгилаш ва меҳнатнинг аҳамиятини ёшлигидан англаш мақсадида Қозоғистон Республикаси Президентининг 2013 йил 22 ноябрдаги 698-сон фармони билан ташкил этилган. Меҳнат куни сентябрь ойининг охирги якшанбасида нишонланади.

Мамлакатда меҳнаткашнинг обрў-эътиборини ошириш мақсадида «Еңбек ардагері» медали ҳамда «Қазақстанның Еңбек Ері» юксак нишони таъсис этилди.

«Еңбек ардагері» медали билан 40 йилдан ортиқ меҳнат қилган, шулардан 10 йил бир соҳада ишлаган, шунингдек, ўз меҳнатида энг яхши натижаларга эришган ва пенсия ёшига етган иқтисодиётнинг турли тармоқлари ишчилари ва жисмоний шахсларига берилади.

«Қазақстанның Еңбек Ері» юксак унвони мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ривожланишида беқиёс муваффақиятларга эришган фуқароларга берилади. «Қазақстанның Еңбек Ері» унвонини олган шахс “Алтын жұлдыз” махсус ордени ва “Отан” ордени билан тақдирланади.

2016 йилдан бошлаб мамлакатда ҳар йили “Меҳнат куни” ва “Меҳнат одами” мукофотига бағишланган “Еңбек жолы” республика танлови ўтказиб келинмоқда. Танлов унвонларидан бири “Меҳнаткаш ёшларнинг энг яхши мураббийи”дир. Ушбу унвон лауреатларининг ҳар бири 20 йилдан ортиқ тажрибага эга. Улар томонидан ўтган йиллар давомида юзлаб ёш мутахассислар етишиб чиқди.

Астана шаҳрида бўлиб ўтган “Меҳнат куни” форуми доирасида ёшлар ўртасида меҳнат касб-ҳунарларини тарғиб қилиш, меҳнат таълимини биринчи ўринга қўйган оилаларнинг азалий анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилган “Меҳнат йўли” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.