Қозоғистонда бир йилда 7 минг шифокор ўқишни битириб, беморларни даволашни бошлади
ASTANА. КАZINFORM — 2023 йилда шифокорлар тайёрлаш учун республика бюджетидан 6 мингга яқин таълим гранти ажратилди. Жумладан, 2,7 минг нафари - бакалавриат ва стажировка, 2,5 минг нафари - резидентура, 325 нафари - магистратура, 160 нафари докторантура йўналишидадир.
Кадрлар тайёрлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб мажбурий резидентура билан 6 йиллик узлуксиз интеграциялашган тиббий таълим дастури йўлга қўйилди.
Уни тугатгандан сўнг, битирувчи шифокор малакасини ва тиббиёт магистри даражасини олади.
2023 йилда мамлакат тиббиёт олий ўқув юртларида 7 мингга яқин шифокорлар тайёрланди, ўрта тиббиёт ходимлари сони эса 23 минг нафардан ошди.
Ажратилган маблағлар ҳисобидан 3000 дан ортиқ тиббиёт ходимлари иш билан таъминланди.
Жорий йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 16,5 минг шифокор, жумладан, 108 нафари хорижда малака ошириш имкониятига эга бўлди.
Врачларнинг малакасини ошириш мақсадида қишлоқ, шаҳар, вилоят ва республика соғлиқни сақлаш ташкилотларида умумий давомийлиги 1 ойдан 3 ойгача бўлган шифокор-ординаторларнинг мажбурий клиник тайёргарлигини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, битирувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш доирасида 601 нафар мутахассисга устама маблағлар ажратилди.
384 нафар ёш шифокор уй-жой билан таъминланди, 74 нафар мутахассис бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари билан таъминланди.
Тиббиёт соҳасида 78 мингдан ортиқ шифокор, 180 мингга яқин мутахассис фаолият кўрсатмоқда.