Қозоғистонда аҳолининг умр кўриш давомийлиги 74 ёшдан ошди

Фото: Фото: primeminister.kz

Мамлакатда умумий ўлим даражаси камайди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш мониторинги бўйича Парламент комиссияси йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният маълум қилди, дея хабар беради Каzinform мухбири.

“Миллат саломатлигини мустаҳкамлаш давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб, дастурий ҳужжатлар ижроси доирасида ўтган йил якунларига кўра, мамлакатимизда жами ўлим кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан 29 фоизга камайди. Қон айланиш тизими касалликларидан ўлим 33 фоизга, саратон касаллигидан 8 фоизга, турли жароҳатлардан ўлим 5 фоизга камайди, шунингдек, оналар ўлими 3 баробардан зиёдга сезиларли даражада камайди. 2022 йилда чақалоқлар ўлими даражаси 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 фоизга камайди”, — деди А.Ғиният.

Унинг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш кўрсаткичларининг ижобий ўзгаришлари аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 74,44 ёшга етказишга таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, 2021 йилга нисбатан бу кўрсаткич 4 йилга ошган (2021 йил – 70,23 йил).

“Аҳолини юқори сифатли соғлиқни сақлаш тизими ва юқори даражадаги тиббий хизмат билан таъминлаш вазифалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланишнинг учинчи мақсадидир. Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларининг миллий рўйхати ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Миллий рўйхатга 30 та кўрсаткич киритилган. БМТ Қозоғистон Республикасида 2023 йилда барқарор ривожланиш бўйича барча 17 та мақсадни баҳолади. №3 мақсад - соғлиқни сақлаш соҳасида.

Унга кўра, вазирлик кўрсаткичларга эришишни таъминлаш юзасидан асосий йўналишлар бўйича иш олиб борди.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов