Қозоғистонда 9 ойда 16,3 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди

Фото: Фото: Валерий Бугаев

ASTANA. Kazinform - Қозоғистоннинг 18 та ҳудудида қурилиш ишларининг ижобий суръати кузатилмоқда. Бу ҳақда бугун Ҳукумат йиғилишида Бош вазир ўринбосари - Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров маълум қилди.

“Қурилиш юқори ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Қурилиш ишларининг ўсиши 10,3 фоизни ташкил этди. Юксак ўсиш суръатлари Давлатимиз раҳбарининг уй-жой қурилиши, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш, муҳандислик тармоқларини модернизация қилиш бўйича тўртта кенг кўламли ташаббуси амалга оширилиши туфайли таъминланди”, — деди у.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 18 та ҳудудда ижобий динамика қайд этилган. Шу билан бирга, қурилиш-монтаж ишларининг энг катта ўсиши Қизилўрда, Қарағанди, Жетису ва Туркистон вилоятларида, қурилиш ишларининг камайиши Атирау ва Манғистау вилоятларида кузатилмоқда.

“Жорий йил январь-сентябрь ойларида 16,3 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 фоизга кўпдир. Энг юқори кўрсаткичлар Чимкент шаҳри, шунингдек, Павлодар, Туркистон, Улитау ва Қизилўрда вилоятларида қайд этилди”, — деди Нурлан Байбазаров.

Муаллиф: Марлан Жиембай