Қозоғистонда 18 ёшга тўлмаган болаларнинг ҳисобига 130,71 доллардан ўтказилди

Фото: Фото: Молия вазирлиги

ASTANА. Kazinform – «Миллий жамғарма - болаларга» дастури доирасида 18 ёшга тўлмаган ҳар бир қозоғистонлик боланинг ҳисобига 130,71 доллардан ўтказилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан амалга оширилган «Миллий жамғарма – болаларга» дастури миллий бойликни адолатли тақсимлаш тамойилини амалга оширишга қаратилган. Ёшларга бошланғич тенг имкониятларни бериш давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Миллий жамғармада тўпланган маблағлар ёш ватандошларга катта ҳаётдаги илк қадамларини ишонч билан қўйиш имкониятини яратиши лозим.

Бу йил дастурда 2008-2025 йиллар оралиғида туғилган 6 918 656 бола қатнашганини таъкидлаш жоиз. Шуни инобатга олган ҳолда, 2026 йилда дастур доирасида ҳар бир қатнашчига 130,71 доллардан ўтказилди.

Бу йил 356 613 бола вояга етган бўлиб, уларга жами 44,5 млн доллар ўтказиш режалаштирилган.

Дастур ишга тушган пайтдан бошлаб унда қатнашадиган болалар учун уч йилдаги (2024-2026 йиллар) инвестицион даромадни ҳисобга олган ҳолда, тўпланган маблағнинг умумий суммаси ҳар бирига 370,56 доллардан тўғри келади.

«Миллий жамғарма – болаларга» лойиҳасига мувофиқ тўпланадиган пуллар ҳаётий муҳим ижтимоий вазифаларни ҳал этишга сарфланади. Масалан, маблағнинг асосий қисми (19,7 млн доллар) 127 446 тасдиқланган ариза бўйича уй-жой шароитини яхшилашга йўналтирилди. Яна 11,9 млн доллар 78 060 ариза бўйича болаларнинг таълим олишга боғлиқ эҳтиёжларига сарфланди.

Тўловларни текшириш ва маблағларни сарфлаш йўллари

Дастур механизми рақамлаштирилган ва максимал даражада очиқ. Ота-оналар ўз боласининг тизимда мавжудлиги ва жамғарма маблағини бир неча усулда текширишлари мумкин:

· Ихтисослаштирилган kids.enpf.kz сайти (боланинг ШИР бўйича) орқали;

· eGov.kz порталидаги шахсий кабинети орқали;

· Halyk, Kaspi.kz ва Bcc.kz мобил иловалари орқали.

Эътибор бериш керак! Бола 18 ёшга тўлганда тўпланган сумма Ягона жамғариб бориладиган пенсия фондидаги махсус ҳисобга ўтказилиб, жамғармаларни электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида фақат олувчининг ўзи кўра олади.

Уй-жой ёки ўқиш тўловига маблағ юбориш учун маблағ эгаси ваколатли операторлар орқали ариза беришнинг ўзи кифоя. «Миллий жамғарма – болаларга» дастури доирасида ҳамкорлик мақсадида ишлайдиган «Отбасы банк» ва Halyk Bank қаторига 2025 йилнинг ўртасидан янги ҳамкор – «ЦентрКредит Банк» қўшилиб, ёшларнинг танлаш имконияти кенгайганини таъкидлаш жоиз.