Қозоғистонда 1,7 миллиондан ортиқ болалар фаол ёзги таътил чора-тадбирларига жалб этилди
ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Тамара Дуйсенова раислигида ўтказилган йиғилишда болаларнинг ёзги таътилини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Унда тегишли давлат органлари вакиллари, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари иштирок этди.
Қозоғистон Республикаси Ҳукумати маълумотларига кўра, Таълим-маориф вазири ўринбосари Едил Оспан ёзги оромгоҳлар фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Таътил мавсуми бошланганидан буён мамлакатдаги турли шаклдаги 10 минг 208 оромгоҳда 1 миллион 700 мингдан ортиқ болалар дам олди.
Ёзги таътилни фаол ташкил этишда болалар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқувчиларни соғломлаштириш муассасаларига юборишдан аввал санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари томонидан яқиндан кўрикдан ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Айжан Есмағамбетованинг айтишича, оромгоҳларнинг санитария ҳолати доимий назоратда.
Айтиш жоизки, ҳудудларда болаларнинг ёзги таътилини ташкил этиш бўйича тематик режалар яратилган. Оромгоҳлардаги дастурлардан ташқари маърифий тадбирлар ҳам режалаштирилган эди. Шу билан бирга, болаларни ташиш пайтида хавфсизлик масаласи пайдо бўлади. Шу муносабат билан Ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Лепеха бу маълумот ҳақида полиция бўлимларини олдиндан хабардор қилиш зарурлигини эслатди. Бундай ҳолатда патруль машиналари бирга чиқиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди.
“Болаларнинг ёзги таътилни фаол ўтказиши масаласи доимий назоратда бўлиши керак. Ўқувчиларга таътилни имкон қадар фойдали ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиши керак. Бунда тегишли давлат органларининг ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамиятга эга. Бу ишни мувофиқлаштириш Таълим-маориф вазирлиги зиммасида”, — деди Тамара Дуйсенова.