Қозоғистонда 1 январдан пенсия активларини бошқариш тартиби ўзгаради
ASTANА. Каzinform — Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги 2025 йил 16 октябрдаги “Қозоғистон Республикасининг қимматли қоғозлар бозори ва пенсия таъминоти бўйича айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 67-сонли қарорни қабул қилди.
— Қарор 2026 йил 1 январдан бошлаб бошқарув компанияларининг фаолиятини баҳолаш тизимини ўртача оғирликдаги натижалардан композит индекслар (бенчмарклар) бўйича баҳолашга ўтишни назарда тутади. Композит индекслар Қозоғистон фонд бозори ва глобал молиявий платформалар индексларини ўз ичига олади, бу эса глобал иқтисодий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда бошқарув натижаларини объектив баҳолаш имконини беради, — дейилади Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги хабарида.
Бундан ташқари, бошқарув компанияларининг хавф даражаси, рентабеллиги ва инвестиция муддати бўйича фарқ қиладиган инвестиция стратегияларини таклиф қилиш имконияти кўзда тутилган. Бу омонатчиларга шахсий афзалликлари ва рухсат этилган хавф даражасига қараб, тегишли инвестиция профилини мустақил равишда танлаш, шунингдек, пенсия активларини турли инвестиция стратегияларига эга турли менежерларга ўтказиш орқали диверсификация қилиш имконини беради.
— Қарор пенсия активларига инвестиция қилиш учун мавжуд бўлган молиявий воситалар рўйхатини кенгайтирди, шунингдек, ҳар бир инвестиция стратегиясининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тегишли инвестиция лимитларини белгилади. Бу бошқарув компанияларига ўз портфелларини диверсификация қилиш ва инвестиция хавфларини камайтириш учун кўпроқ имкониятлар беради, — дейилади хабарда.
Пенсия активларини бошқарув компаниясидан Миллий банк бошқарувига ихтиёрий равишда қайтариш имконияти қўшимча равишда тақдим этилади.
— Кўрилган чоралар пенсия активларининг узоқ муддатли рентабеллигини оширишга, бошқарувда шаффофлик ва мослашувчанликни оширишга, шунингдек, индивидуал менежерлар ўртасида рақобат муҳитини яратишга олиб келиши кутилмоқда, бу эса ўз навбатида пенсия активларини янада самарали инвестициялашга ҳисса қўшади, — дейилади хабарда.
Қарорнинг тўлиқ матни билан агентлик сайтида танишиш мумкин.