Қозоғистон жаҳон ОАВларида: “Марказий Осиё – Хитой” медиафоруми, декарбонизация ва Каспий тюленлари

Фото: Коллаж: Kazinform / Freepik / Pixabay / Pexels

ASTANА. Кazinform – Май ойининг сўнгги ҳафтасида жаҳон ОАВларида Қозоғистон ҳақидаги хабарлар кўпроқ ёритилди. Биз халқаро воқеалар ва атроф-муҳит муаммолари ҳақида тез-тез материаллар берилганига гувоҳ бўлдик. Озарбайжон билан мустаҳкамланган алоқалар ва “Марказий Осиё-Хитой” медиа форумидаги ташаббусларга устувор аҳамият қаратилиб, нефть соҳасида декарбонизация ишлари ва Каспий денгизида тюленларнинг нобуд бўлиши ҳам эътибордан четда қолмади. Батафсил Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Аnadolu: Астанада "Марказий Осиё - Хитой" медиа форуми бўлиб ўтди

Қозоғистонда давлатлараро оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга бағишланган “Марказий Осиё – Хитой” медиа форуми ташкил этилди. Тадбирда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой оммавий ахборот воситалари ходимлари йиғилиб, ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлди. Anadolu агентлиги хабарига кўра, форум учун “Ипак йўли ОАВ билан бирга: Хитой ва Марказий Осиё ўртасида яқинроқ тақдир ҳамжамиятини қуриш” мавзуси танланган.

Медиа форум ташкилотчилари — Президент телерадиокомплекси ва Хитойнинг «Жэньминь Жибао» газетаси. Тадбирда Марказий Осиё ва Хитойдан 140 га яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан сиёсатчилар, журналистлар, медиа компаниялар ва ахборот агентликлари раҳбарлари, экспертлар иштирок этди. Учрашувда сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, умумий ривожланиш ва минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди.

Лойиҳа Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг табрик сўзи билан очилди. Иштирокчиларга қутлов сўзини Қозоғистон Республикаси Президентининг ички сиёсат ва коммуникациялар масалалари бўйича ёрдамчиси Арман Қириқбаев ўқиб эшиттирди.

"Бугун дунёда катта ўзгаришлар рўй бермоқда, турли маданиятлар ва жамиятлар ўртасидаги олтин кўприк ҳисобланган журналистларнинг роли ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Баркамол ва жиддий ахборот сиёсати бирлигимизни мустаҳкамлайди, барқарор тараққиётимизга хизмат қилади. Замонавий даврда оммавий ахборот воситалари тинчлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва тотувликни таъминлашда ғоят муҳим воситага айланди. Бу борада Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси катта аҳамиятга эга. Ноёб лойиҳа жаҳон ҳамжамияти томонидан глобал ҳамкорлик концепцияси сифатида юксак баҳоланмоқда", — дейилади Президент табригида.

Тадбирда геосиёсий маконда ахборот ташкилотларининг ҳолати ва соҳага оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бундан ташқари, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси бўйича пресс-тур ҳам тантанали равишда бошланди.

Тrend: Қозоғистон Озарбайжондан нонефть маҳсулотларини харид қилишни кўпайтирмоқда

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида Озарбайжондан Қозоғистонга 34,6 миллион долларлик нонефть маҳсулотлари экспорт қилинди. Озарбайжон Давлат божхона қўмитаси маълумотларини Trend ахборот агентлиги тарқатди.

Ҳисоботга кўра, бу кўрсаткич 18,1 миллион АҚШ долларини ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробар кўпдир. Ҳисобот даврида Озарбайжоннинг Қозоғистонга нонефть маҳсулотлари экспорти мамлакат умумий экспортининг 3,24 фоизини ташкил этди.

Аввалроқ, январь-апрель ойларида Қозоғистон-Озарбайжон савдо операциялари ҳажми 265,7 миллион долларга етган эди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 178,4 миллион АҚШ доллари ёки 3 баробар кўп демакдир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь-апрель ойларида Озарбайжоннинг хорижий давлатлар билан савдо операциялари ҳажми 16 миллиард 917 миллион АҚШ долларидан ошди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,1 фоизга юқори бўлиб, экспорт 8 миллиард 785 миллион доллар, импорт эса 8 миллиард 133 миллион долларни ташкил этди. Натижада ташқи савдода 651,792 миллион АҚШ доллари миқдорида ижобий салдо шаклланди.

Report: Қозоғистон, Россия, Озарбайжон, Ўзбекистон компаниялари шартнома имзолади

Яқинда Астана шаҳрида “Барқарор ривожланиш: углерод изини камайтириш бўйича умумий қадамлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда “ҚазМунайГаз” АЖ (ҚМГ) бошқаруви раиси Асхат Хасенов, SОCАR президенти Ровшан Нажаф, “Татнефт” ЁАЖ бош директори Наиль Маганов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқовлар иштирок этди. Бу ҳақда Report нашри хабар берди.

ҚМГ раҳбарининг сўзларига кўра, иқлим бўйича мақсадларга эришиш учун яқин халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда. Хусусан, “ҚазМунайГаз” 2060 йилгача карбонат ангидрид (CО₂) чиқиндиларини 15 фоизга, 2060 йилгача эса 64 фоизга камайтиришни мақсад қилган кам углеродли ривожланиш дастурини янгиламоқда.

“ҚМГ фаолияти унинг шўъба ва бўлинмаларида энергия самарадорлигини ошириш ва энергияни тежаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилади. Умуман олганда, 300 дан ортиқ чора-тадбирлар натижасида 2031 йилгача 500 минг тоннадан ортиқ ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш кўзда тутилган”, — деди А.Хасенов.

Конференция якунлари бўйича ҚМГ, SОCАR, “Татнефть” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида декарбонизация ва барқарор ташаббуслар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Ҳужжат экологик тоза технологиялар ва “яшил” лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида тажриба алмашишни назарда тутади. Бу, ўз навбатида, компанияларга глобал энергия бозорларида иқлим бўйича ташаббусларни илгари суриш учун йўл очади.

ТАСС: Каспий соҳилида 100 дан ортиқ тюленлар жасади топилди

Жорий йилнинг 20-21 май кунлари Ёйиқ-Каспий балиқчилик инспекцияси томонидан Тупқараған тумани Форт-Шевченко шаҳарчасида рейд ўтказилди. Рейд давомида Каспий денгизи қирғоқларидан 117 дона тюлен жасади топилган.

ТАCC ахборот агентлигининг хабар беришича, инспекторлар Форт-Шевченкодаги “Асан”, “Баутин” ва “Урдик бурни” ҳудудларида тюленлар жасадларини аниқлаган. Балиқчилик қўмитасининг ҳисоб-китобларига кўра, тюленлар жасадларининг чиришига асосланиб, топилган тюленлар ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида нобуд бўлганини маълум қилди. Тасдиқланган ҳаракатлар алгоритмига мувофиқ барча ваколатли давлат органлари хабардор қилинган. Бироқ, жасадларнинг кеч топилиши ҳеч қандай синов ўтказишга имкон бермайди.

“Денгиз қирғоғидан 5 километр узоқликда жойлашган тюленларнинг жасадлари тўпланиб, санитария меъёрларига риоя қилган ҳолда полигонга йўқ қилинди. Унда Тупқараған тумани Баутин қишлоғи ҳокимлиги, Тупқарағон тумани ИИБ ходимлари, балиқчилик ҳамжамияти Манғистау вилояти бўлими мутахассислари иштирок этди. Ҳозирда қирғоқда мониторинг ишлари давом этмоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён тўпланган ва ўлдирилган тюленларнинг умумий сони 2194 тага етди”, — дейилади қўмита хабарида.