Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Иссиқкўлдаги курортлар, референдум ва криптохаб режаси

Фото: Коллаж: Kazinform / Freepik

ASTANА. Кazinform – Ҳафта муҳим сиёсий янгиликларга бой бўлди. Жаҳоннинг интернет нашрлари Конституция бўйича референдум вақти, Иссиқкўлдаги Қозоғистонга тегишли курортлар ҳақида ёзишди. Аэропорт ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича қандай ишлар амалга оширилиши, Марказий Осиёдаги крипто бозори ҳам тилга олинди. Батафсил маълумотни Кazinform мухбирининг шарҳида ўқинг.

The Times of Central Asia: Қозоғистон Иссиқкўлдаги тўртта курорт объектини олди

Сенат Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида жойлашган ер участкаларини ижарага олиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Энди Қозоғистон қўшни давлатдан 58,8 гектар майдонни 49 йилга ижарага олади. Қозоғистон санаторийлари ва дам олиш уйлари шу ҳудудда жойлашган. The Times of Central Asia таҳлилий платформаси яқинда ушбу мавзуни батафсил ўрганиб чиқди.

Янги келишувга кўра, Қозоғистон тўртта объектга эгалик ҳуқуқини олади. Улар:

"Қозоғистон" санаторийси (17,5 га);

"Университет" пансионати (17,4 га);

"Самал" дам олиш уйи (9,2 га);

"Олимп" пансионати (14,7 га).

Бу иншоотлар Совет даврида қурилган. Ҳужжатга кўра, Қозоғистон юқорида айтиб ўтилган дам олиш масканларини (спорт марказидан ташқари) 3-4 юлдузли меҳмонхоналар даражасига кўтариш мажбуриятини олган. Қирғизистон томони эса иншоотлар қайтариб олинмаслигига кафолат беради. Ер участкалари фақат дам олиш ва соғломлаштириш мақсадларида ишлатилиши керак.

Расмий маълумотларга кўра, иншоотларни таъмирлаш ишлари йил охирига қадар якунланади. Республика бюджетидан 9 миллиард тенге ажратилган. Санатория ҳудудидаги Динмуҳаммед Қонаевнинг ёзги қароргоҳи тарихий ва маданий мерос бўлиб қолади ва у ерда музей-уй очилади.

Кўл бўйида Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университетининг спорт ва соғломлаштириш лагери таъмирланади. Бундан ташқари, "Самал"(Шамол) дам олиш уйи ва "Олимп" спорт ва соғломлаштириш маркази қурилади. Барча ишлар яқин икки-уч йил ичида якунланади. Бунга инвесторлар ҳисобидан 26,7 миллиард тенге сарфланиши мумкин. Келишувнинг яна бир талабига кўра, меҳмонхоналар 3 ва 4 юлдузли бўлиши керак.

Аввалроқ The Times of Central Asia Алматидан Иссиқкўлга қисқа йўл қурилиши ҳақида хабар берган эди. Янги йўлнинг узунлиги 277 километрни, йўл вақти эса тахминан уч соатни ташкил қилади.

Reuters: Конституция бўйича референдум 15 март куни бўлиб ўтади

Чоршанба куни янги Конституция бўйича референдум санаси эълон қилинди. Сиёсий тадбир 15 март куни бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Reuters интернет нашри Конституциянинг янги таҳрирининг энг муҳим қисмларини таҳлил қилди.

Асосий қонун лойиҳаси Қозоғистон парламенти ишини соддалаштиришга қаратилган. Унда бир палатали Парламентни яратиш ва депутатлар сонини қисқартириш кўзда тутилган. Шунингдек, 1996 йилда бекор қилинган вице-президент лавозими қайта тикланиши мумкин.

Қозоғистон бу қадамни мураккаб сиёсий вазият даврида қўймоқда: мамлакат икки хонали инфляциядан азият чекди, бу эса солиқларнинг кескин ошишига олиб келди. Бундан ташқари, глобал нефть таъминоти бир қатор қийинчиликларга дуч келди.

— Янги Конституцияга кўра, Қозоғистон Президенти етти йиллик муддатга сайланади. Амалдаги Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 2029 йилгача етти йиллик муддатга ҳокимият тепасида бўлади.

Бундан ташқари, Тоқаев собиқ дипломат, беш тилда равон сўзлашувчи ва Женевадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг офисини бошқарган. У илгари бош вазир ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган, — дейилади Reuters мақоласида.

Ахборот агентлиги унинг "Энергетика ва минерал ресурсларга бой Қозоғистон Ғарб мамлакатлари, шунингдек, Россия ва Хитой билан яқин алоқаларни сақлаб келаётгани" ҳақидаги сўзларини келтирган.

Report: Аэропорт ва темир йўлга эътибор қаратилади

Қозоғистонда транзит салоҳиятини оширишга қаратилган темир йўл ва авиация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу маълумотни Бош вазир Олжас Бектенов Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида эълон қилди. Мулозимнинг нутқи ҳақида Report хабар берди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, бу йил умумий узунлиги 475 километр бўлган иккита темир йўл линияси қурилиши ва 2,9 минг километрлик йўлларни модернизация қилиш якунланади.

– Бу транзит ташиш ҳажмини 60 фоизга ва транзит контейнер поездларининг тезлигини соатига 50 километргача ошириш имконини беради. Хусусан, Хитой чегарасидан Каспий денгизига юкларни етказиб бериш вақти жорий йил охирига қадар 84 соатдан 55 соатгача қисқартирилади. 11 минг километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилади, – деди Олжас Бектенов.

Шунингдек, авиация саноатини, айниқса инфратузилмани ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилади. Масалан, бу йил Астана аэропортида иккинчи учиш-қўниш йўлагининг қурилиши бошланади. Унинг ишга туширилиши 20 йилдан бери таъмирланмаган биринчи учиш-қўниш йўлагини таъмирлаш имконини беради.

– Бу Астана аэропортининг ўтказувчанлик қобилиятини 4 бараварга оширади ва уни 40 миллион йўловчига етказади. Июль ойида Алмати аэропортининг ички терминалини капитал таъмирлаш якунланади. Ўтказувчанлик 14 миллион йўловчидан 19 миллионга кўпаяди. Учиш-қўниш йўлагини модернизация қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари бошланади, — деди Бош вазир.

Аввалроқ Президентнинг топшириғига биноан, авиация ёқилғисининг бозор нархини пасайтириш амалга оширилди. Натижада, авиация ёқилғисининг нархи 1,2 минг доллардан 950 долларгача пасайди. Бу Қозоғистон ҳаво ҳудудининг хорижий авиакомпаниялар учун жозибадорлигини ошириши режалаштирилган.

Еuronews: Қозоғистон - Евроосиёдаги криптохаб

Хитой 2021 йилда криптовалюта савдосини тақиқлаганидан сўнг, майнерлар Қозоғистонга оқиб келишди. Бир пайтлар мамлакат ҳатто биткоин қазиб олиш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаган эди. Бироқ, назоратсиз бозор иқтисодиётга салбий таъсир кўрсата бошлади. Еuronews Қозоғистон бу қийин вазиятдан қандай чиққани ва ҳозирда криптохабни яратиш бўйича қандай режалари борлиги ҳақида ёзди.

2023 йилда ноқонуний майнинг ва "кўланкали савдо"га қарши қатъий чоралар жорий этилди. Ўшандан бери лицензияланган платформаларда савдо ҳажми ошди. Масалан, ушбу бозорда савдо 2023 йилда 270 миллион еврони ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг дастлабки уч чорагида у тахминан 6 миллиард еврога етди ва йигирма баравардан кўпроққа ўсди.

Бу йилдан бошлаб Миллий банк крипто бозорини тартибга солиш масъулиятини расман ўз зиммасига олди. Энди Марказий банк лицензияланган биржаларда қайси рақамли активлар савдо қилинишини аниқлайди. Назорат Марказий Осиёдаги биринчи икки томонлама тартибга солиш модели бўлган Астана халқаро молия маркази билан биргаликда амалга оширилади.

— Қозоғистон Миллий банки ички талаб ва таклифга, чакана инвесторларга ва маҳаллий бозор иштирокчиларига устувор аҳамият беради, Астана халқаро молия маркази эса халқаро ва минтақавий инвесторлар билан ишлайди, — деб тушунтиради Миллий банк раиси маслаҳатчиси ва рақамли ривожланиш бўйича директор Бинур Жаленов.

Қозоғистон рақамли активлар соҳасида минтақавий етакчига айланиш учун катта имкониятга эга. Масалан, таниқли ATAIX Eurasia Марказий Осиёда Қозоғистон билан яқин алоқаларга эга. Ҳатто Bank CenterCredit билан қўшма крипто-карта каби янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Google Pay, Apple Pay ва Samsung Pay билан боғланган ушбу карта оддий банк картаси каби криптовалютани сарфлаш имконини беради - тўловни амалга оширишда маблағлар автоматик равишда тенгега айлантирилади.