Қозоғистон жаҳон ОАВларида: АҚШ билан маслаҳатлашув, "Олтин виза" ва "Жилиой" лойиҳаси

Фото: Коллаж: Kazinform / Freepik / Pixabay / invest.gov.kz / qarmaqshy-tany.kz

ASTANA. Kazinform – Апрель ойининг сўнгги ҳафтасида Қозоғистоннинг жаҳон ахборот маконида қамрови фаоллашди. Хорижликлар учун “Олтин виза” дастурининг йўлга қўйилиши, Хитойнинг CNOOC гигантининг бозорга кириши. Батафсил Kazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Trend: Инвесторлар учун виза жорий этилди

Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан сармоявий салоҳиятни ошириш мақсадида инвестор визасини олиш қоидалари тасдиқланди. Янги дастур тафсилотларини Trend ахборот агентлиги эълон қилди.

Ушбу виза Қозоғистонда 10 йилгача яшаш учун рухсатнома олиш имконини беради. Вазирлик маълумотларига кўра, бундай қадам Қозоғистоннинг халқаро бизнес билан яқинлашишига ва узоқ муддатли бизнес шерикликларини ривожлантиришга хизмат қилади. “Олтин визалар” ҳам хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқий кафолатлар бериш, мамлакат сармоявий муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, бу мамлакат очиқлиги, капитални ҳимоя қилиш, барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

"Янги талабларга кўра, Қозоғистон компанияларининг устав капиталига ёки маҳаллий қимматли қоғозларга камида 300 минг доллар сармоя киритган хорижий фуқаролар инвестор визасини олиш учун электрон ариза топширишлари мумкин. Ушбу "олтин виза” Қозоғистонда 10 йилгача яшаш учун рухсатнома олиш имкониятини беради", — дейилади расмий хабарда.

Бундай виза дастурлари Европа, АҚШ, БАА ва Сингапурда кенг қўлланилади. Қозоғистон ҳам капитални ҳимоя қилиш ва барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббус билан чиқди. Бугун “Олтин виза” билан боғлиқ ҳужжат кўриб чиқилди ва 10 кундан кейин қонуний кучга киради. Ўша пайтда инвесторларнинг аризалари қабул қилинади.

Anadolu: Тарифлар бўйича АҚШ билан маслаҳатлашувлар давом этмоқда

Қозоғистон АҚШ божхона тўловлари бўйича ўзаро маслаҳатлашувларни бошлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу масала Жаҳон савдо ташкилотида муҳокама қилинади. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.

Музокаралар бошлангани ҳақида ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги ташқи савдо хизмати департаменти директори Серик Ашитов маълум қилди.

"9 апрелда АҚШ юқори тарифни жорий этишни 90 кунга кечиктиришини маълум қилди. Бугун Қозоғистон Ҳукумати мамлакатимизда юқори божлар жорий этилишининг олдини олиш учун АҚШ билан маслаҳатлашувларни бошлади", - деди Серик Ашитов.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ томонидан жорий этилаётган чоралар Қозоғистоннинг Америкага экспортининг атиги 4,8 фоизига таъсир қилади. Бу қоида Қозоғистоннинг АҚШга экспортининг тахминан 90 фоизини ташкил этувчи нефть, уран, кумуш ва ферроқотишмалар каби асосий экспорт товарларига тааллуқли эмас.

“Тарифлар Қозоғистон экспортига сезиларли таъсир кўрсатади, дейишга ҳеч қандай асос йўқ. Шунга қарамай, Ҳукумат ва Савдо ва интеграция вазирлиги америкалик ҳамкорлар билан бундай бир томонлама чоралар оқибатларини юмшатиш ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиради”, — деди департамент бошлиғи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп хориждан олиб келинган барча товарларга божхона тўловларини оширишини айтган эди. Асосий ставка 10 фоизни ташкил этади, бироқ кўплаб мамлакатлар учун у юқорироқ бўлади. Кейинроқ Трамп Хитойдан бошқа давлатларга нисбатан ўзаро тарифларни 90 кунга тўхтатишга қарор қилди.

Report: “ҚазМунайГаз” ва Хитойнинг CNOOC компанияси “Жилиой” лойиҳаси бўйича келишувга эришди

“ҚазМунайГаз” миллий компанияси Хитойнинг China National Offshore Oil Corporation International Limited компанияси билан Атирау вилоятидаги Жилиой участкасида геологик қидирув ишларини олиб бориш бўйича келишувга эришди. "ҚазМунайГаз" ва “CNOOC” ўртасида молиялаштириш ва қўшма корхона тузиш бўйича шартномалар имзоланган. Бу ҳақда Report агентлиги хабар берди.

“Жилиой” лойиҳаси Каспий денгизининг шимоли-шарқий қисмидаги транзит зонасида жойлашган қарийб 960 квадрат километр майдонда амалга оширилади. CNOOC билан ҳамкорликда “Жилой” геология-қидирув қўшма корхонаси ўтган йилнинг октябрь ойида ташкил этилган.

“ҚазМунайГаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Қурманғази Есқазиев ва CNOOC компаниясининг Россия ва Марказий Осиёдаги лойиҳалар бўйича бош менежери Лю Бо ўртасидаги учрашувда мазкур лойиҳа бўйича келишув имзоланди.