Қозоғистон Жаҳон мероси қўмитасига аъзо этиб сайланди

Фото: Фото: Ақорда

Қозоғистон 2023-2027 йилларга Жаҳон мероси қўмитасига аъзо этиб сайланди. Бу ҳақда ҚР Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.

“Париждан хушхабар келди.

ЮНЕСКО Бош конференцияси ишининг сўнгги кунида Қозоғистон 2023-2027 йилларга мўлжалланган Бутунжаҳон мероси қўмитасига аъзо этиб сайланди.

21 давлатни ўз ичига олган Жаҳон мероси қўмитаси ЮНЕСКОнинг энг муҳим ва нуфузли бошқарув органи ҳисобланади. Бу қўмита объектларни Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш ва олиб ташлашнинг мутлақ ҳуқуқига эга”, – дейилади маълумотда.

Давлат маслаҳатчисига кўра, Қозоғистон номзодини 118 давлат қўллаб-қувватлаган.

Мамлакатнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасига аъзо этиб сайлангани жаҳон ҳамжамияти Қозоғистоннинг ноёб маданий ва табиий меросини асраб-авайлаш борасидаги фаол фаолиятини эътироф этишини кўрсатади.

Шунингдек, бундан аввал ЮНЕСКОнинг Алмати шаҳридаги ваколатхонасига Марказий Осиё давлатларидан ташқари Афғонистон, Покистон ва Эронни ҳам ўз ичига олган Кўп тармоқли минтақавий идора (Бюро) мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.