Қозоғистон ёшлари V Параосиё ўйинларида 68 та медални қўлга киритди
ASTANA. Kazinform — Дубай шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган V Параосиё ўйинлари якунига етди, деб хабар беради ҚР Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Мусобақа якунларига кўра, Қозоғистон терма жамоаси 68 та медални қўлга киритди. Жумладан, 25 та олтин, 23 та кумуш ва 20 та бронза. Умумий медаллар ҳисобида Қозоғистон терма жамоаси 45 давлат орасида 5-ўринни эгаллади.
Мазкур мусобақада Қозоғистондан 60 нафар спортчи спортнинг 9 тури бўйича баҳслашди. Мусобақа давомида пара сузиш бўйича 34 та, пара армрестлинг бўйича 11 та, пара стол тенниси бўйича 7 та, пара енгил атлетика бўйича 6 та, пара пауэрлифтинг бўйича 6 та медаль қўлга киритилди.
Бундан ташқари, терма жамоамиз голбол бўйича олтин, бочча бўйича кумуш, пара таэквондо бўйича битта кумуш ва бронза медални қўлга киритди. Пара камондан отиш бўйича Қозоғистонни битта спортчи ҳимоя қилди ва ушбу спорт турида медаллар қайд этилмади.
Эслатиб ўтамиз, 10-13 декабрь кунлари Дубай шаҳрида (БАА) ёшлар ўртасидаги V Параосиё ўйинлари бўлиб ўтган. Мусобақада 45 давлатдан 1300 нафардан ортиқ спортчи иштирок этиб, спортнинг 11 тури бўйича 481 та медаллар жамланмаси намойиш этилди.