Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,5 миллиард доллардан ошди
Жорий йилнинг беш ойи якунларига кўра, Қозоғистон Ўзбекистоннинг учта асосий ташқи савдо ҳамкорларидан бирига айланди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон ташқи савдоси ҳажми 26,73 миллиард долларни ташкил этиб, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 769,5 миллион долларга ёки 3,0 фоизга ошган.
Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 186 та давлати билан савдо алоқаларини олиб бормоқда. Ташқи савдо айланмасининг энг катта ҳажми Хитой (18,9 фоиз), Россия (17,9 фоиз), Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (4,5 фоиз) ва Корея Республикаси (3,4 фоиз) билан қайд этилган.
Ўзаро товар айирбошлаш таркибида Ўзбекистон Қозоғистонга 485,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди, импорт эса 1096,1 миллион долларни ташкил этди.
“Айтиш жоизки, Қозоғистон Ўзбекистоннинг йирик ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланди (Хитой ва Россиядан кейин). Бунинг сабаблари: умумий чегара мавжудлиги, МДҲ эркин савдо зонасида савдо-сотиқ, шунингдек, ўзаро иқтисодий муносабатларнинг либераллашуви”, – дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Статистика агентлиги.