Қозоғистон ва Ўзбекистон спорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди
ALMATY. Kazinform – Алмати шаҳрида Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Йиғилишда Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Геннадий Головкин, Ўзбекистон МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Паралимпия қўмиталари ва спорт соҳасидаги бир қатор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Музокаралар чоғида томонлар биргаликдаги фаолиятнинг долзарб йўналишларини муҳокама қилдилар. Хусусан, спорт кадрларини тайёрлаш, паралимпия спортини ривожлантириш, миллий спорт турларини биргаликда тарғиб қилиш ва ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, жорий йилнинг ноябрь ойида Туркистон шаҳрида футбол бўйича икки давлат миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказиш ва Ўзбекистон делегациясининг 2026 йилда Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган «Болашақ ойындары» халқаро турниридаги иштироки муҳокама қилинди.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон спорт соҳасида стратегик шериклардир. Бизни умумий мақсадлар, тарихий ва маданий алоқалар бирлаштириб туради. Икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг кенгайиши спорт соҳаси ривожига янги суръат бағишлашига ишонаман”, – деди Ербол Мирзабосинов.
Бундан ташқари, вазир Астана шаҳрида Миллий спорт университети қурилиши якунланганини қайд этиб, Ўзбекистон томонини спорт таълими соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирди.
“Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорликка доимо очиқ ва ҳамкорларимизнинг ташаббусларини юқори баҳолайди. Олимпия ҳаракати доирасидаги биргаликдаги ишлар айниқса муҳимдир. Бундай учрашувлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва мамлакатларимизда спортни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади”, – деди Геннадий Головкин.
Учрашув якунида томонлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва доимий спорт мулоқотини ривожлантириш ниятларини билдирдилар.