Қозоғистон ва Туркия: стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркияга расмий ташриф билан боради. Давлат раҳбарлари турли даражада музокаралар ўтказиб, қозоқ-турк стратегик шериклигини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади. Ташриф доирасида Президент Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг V йиғилишида иштирок этиши режалаштирилган. Kazinform мухбири икки томонлама муносабатларнинг бугунги натижалари ва келажакдаги устувор йўналишларини таҳлил қилди.
Сиёсий ҳамкорлик босқичлари
Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик муносабатлари азалдан мустаҳкам. Қозоғистон мустақилликка эришган пайтда уни дастлаб қўллаб-қувватлаган давлатлардан бири айнан Туркия бўлган. 1991 йил 16 декабрда Туркия Қозоғистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган, 1992 йил 2 март куни дипломатик алоқалар ўрнатилган ва шу йил октябрь ойида Қозоғистоннинг Туркиядаги элчихонаси очилган.
Айни пайтда Истанбул ва Анталия шаҳарларида Бош консулликлар, шунингдек Денизли, Аланья, Бурса, Битлис, Хатай, Конья ва Мерсин шаҳарларида 7 та фахрий консуллик фаолият юритмоқда. Туркия эса Қозоғистонда – Алмати, Ақтау, Туркистон шаҳарларида Бош консуллик, Чимкентда эса фахрий консуллик очган.
Мустақилликдан буён Қозоғистон президентлари Туркияга 20 дан ортиқ давлат, расмий ва ишчи ташрифлар билан борган. 2019 йилдан буён Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған турли даражада 14 марта учрашув ўтказишган. Сўнгги учрашув жорий йил Будапештда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида амалга ошгани маълум.
Бу сиёсий мулоқотлар натижасида ҳукуматлараро ҳамкорлик юқори даражага кўтарилди. Қозоғистон делегацияси доимий равишда қардош мамлакат парламенти раҳбарияти билан мулоқот қилиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳарбий-техникавий масалаларни муҳокама қилиб келмоқда. Бу борада Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) самарали фаолият юритмоқда.
Қозоғистон ва Туркия ўртасида имзоланган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар анча кенг қамровли: 2009 йили Стратегик шериклик тўғрисидаги келишув, 2012 йили Олий стратегик ҳамкорлик кенгашини тузиш, 2022 йили Кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги келишув имзоланган.
Айниқса, Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган Туркий давлатлар ташкилоти икки халқни яқинлаштирувчи ҳаракат кучига айланди. ҚР Президенти ҳузуридаги Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институтининг Осиё тадқиқотлари бўлими бош мутахассиси Алия Мусабекова фикрича, айнан шу ташкилотдаги ҳамкорлик давлатлараро муносабатларга янги суръат бахш этди.
“Туркия – Қозоғистоннинг асосий ташқи сиёсий шерикларидан бири. Бизни умумий маданий ва тарихий мерос, стратегик манфаатлар боғлаб туради. Икки давлат Туркий давлатлар ташкилотида етакчи роль ўйнаб, туркий халқлар кўп йўналишли ҳамкорлик ғоясини фаол илгари сурмоқда. Шу орқали улар ўзларини туркий дунё меросининг ворислари сифатида дунёга намоён қилмоқда”, – деди эксперт.
Икки халқ халқаро майдонда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаш анъанасини йўлга қўйган. БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ЕХҲТ, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик изчил давом этмоқда.
Савдо-сотиқдаги ўсиш: Туркияга рекорд даражада инвестиция киритилди
Туркия Қозоғистон иқтисодиётига энг кўп сармоя киритган асосий инвесторлардан биридир. Ҳозирда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Яқин йиллардаги геосиёсий вазият бу мақсадга тезроқ эришиш имконини бермаган бўлса-да, йиллик кўрсаткичларда барибир ўсиш қайд этилмоқда. Масалан, ўтган йили икки томонлама савдо ҳажми қарийб 5 миллиард долларга яқинлашди.
Бу йилги кўрсаткич ҳам ёмон эмас. Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида икки томонлама савдо ҳажми 1,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Экспорт асосан хомашё маҳсулотларига тўғри келади:
- мис ва катодлар – 622,5 миллион АҚШ доллари,
- хом нефть – 469,3 миллион доллар,
- нефть маҳсулотлари – 78,4 миллион доллар,
- пропилен полимерлари – 34,5 миллион доллар,
- қуритилган сабзавотлар – 21,2 миллион доллар,
- кўмир – 19,7 миллион доллар,
- қайта ишланмаган алюминий – 9,9 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.
Туркиядан эса асосан чакана савдога мўлжалланган дори воситалари, кийим-кечак, гилам ва ерга тўшаладиган қопламалар, қурилиш материаллари ҳамда маиший техника олиб кирилади.
Икки давлат товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида альтернативалогистика ечимларини кўриб чиқмоқда. Масалан, Туркия Қозоғистонда 100 миллион долларлик логистика терминаллари тармоғини барпо этиш ниятида. Шунингдек, агар Яқин Шарқдаги қарама-қаршиликлар Орумз денгиз йўлига таъсир қилса, мамлакатлар “Ўрта йўлак” салоҳиятини тўлиқ фаоллаштирмоқчи.
Аҳамиятлиси, жаҳон ҳамжамияти Туркиянинг саноат салоҳиятини юқори баҳолайди. Туркия кўплаб сабзавот-маҳсулот етказиб берувчи асосий мамлакатлардан бири ҳисобланади: ёнғоқ, олча, ўрик ва дуккакли маҳсулотлар бўйича етакчи ўринда туради. Европа бўйича у пластмасса ишлаб чиқаришда учинчи ўринни, бўёқлар ишлаб чиқаришда эса олтинчи ўринни эгаллаган. ҚСТИ таҳлилчиси Алия Мусабекованинг таъкидлашича, Қозоғистон ушбу имкониятдан фойдаланиб, йирик бозорларга чиқиши лозим.
“Туркия асосий савдо шерикларимиздан бири саналади. Шу билан бирга, миллий маҳсулотимизни энг кўп истеъмол қилувчи беш давлат қаторига киради. Масалан, ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга яқинлашди, шундан 3,3 миллиард доллари – Туркияга экспортимиз, 1,7 миллиард доллари – импорт улушини ташкил этди. Бу орқали биз савдо профицитини таъминлаб, маҳсулотимизга барқарор талаб яратиб келмоқдамиз.
Бироқ экспорт асосан кўмир, нефть, нефть маҳсулотлари, металлар (қўрғошин, мис, цинк) ва агросаноат маҳсулотларидан иборат эканини унутмаслик керак. Агар чинакамдан ҳам савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш ният қилинса, экспорт йўналишини кенгайтириш талаб этилади. Масалан, турк ҳамкорларимизни саноат ускуналари орқали қизиқтира олишимиз мумкин”, – деди спикер.
Дарҳақиқат, давлат бундай имкониятни қўлдан чиқармайди. Ҳозирнинг ўзидаёқ жиддий қадамлар ташланмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида Қозоғистон Туркия иқтисодиётига 610 миллион доллар инвестиция киритган. Тўрт ой ичидаги ушбу рекорд натижа Анадолу мамлакатининг ҳар қандай сармоядоридан устун чиқди. Қозоғистон 2023 йили Туркия иқтисодиётига 8 миллион доллар, 2022 йили эса 24 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция киритган.
2005-2024 йиллар оралиғида эса турк сармоядорлари Қозоғистон иқтисодиётига жами 5,2 миллиард доллар сармоя киритган. Савдо, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида турк капитали иштирокида 3 538 та корхона фаолият юритмоқда. Умумий қиймати 3 миллиард доллардан ошадиган 78 та қўшма лойиҳа амалга оширилган, яна 39 та лойиҳа режа-жадвалда турибди.
Туркияда 12 мингдан зиёд қозоғистонлик таълим олмоқда
Илдизи муштарак икки миллатнинг яқинлашуви табиий жараён. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги маданий-маънавий алоқалар, илм-фандаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Буни аввало туризм соҳасидан ҳам англаш мумкин. Туркия Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йили Қозоғистондан 863 мингдан ортиқ сайёҳ Туркияга борган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 4,5 фоизга кўп.
Қозоғистонга келаётган турк сайёҳлари сони ҳам ортиб бормоқда. TravelPress.kz сайти маълумотига кўра, ўтган йили Қозоғистонга 130 мингга яқин Туркия фуқароси ташриф буюрган. Қардош давлат вакиллари мамлакатга келаётган хорижий сайёҳлар орасида учинчи ўринни эгаллаган. Ҳукумат ўзаро туризмни ривожлантириш мақсадида турк фуқаролари учун визасиз юриш муддатини 90 кунгача узайтиришни режалаштирмоқда.
Ҳозирда 12 мингдан зиёд қозоғистонлик Туркияда таълим олмоқда. Уларнинг катта қисми «Болашақ» ва Türkiye Bursları дастурлари доирасида ўқишга кирган. Масалан, 2024-2025 ўқув йили учун 300 нафар қозоғистонлик Türkiye Bursları грантини қўлга киритган.
Стратегик кенгашда нима муҳокама қилинади?
Президент ташрифи доирасида Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг V йиғилиши бўлиб ўтади. Бу тадбир аввалги келишув ва лойиҳаларга туртки бўлган муҳим майдон ҳисобланади. Илк бора халқаро келишувлар майдони сифатида ташкил этилган бу кенгаш 2012 йилда стратегик мақомга эга бўлган. Ҳар бир учрашувда аниқ қарорлар қабул қилиниб, муҳим масалалар ечимини топган.
Масалан, уч йил аввал бўлиб ўтган IV йиғилишда ташқи сиёсат, инвестиция, транспорт-логистика, энергетика ва ҳарбий саноат соҳаларидаги ташаббуслар илгари сурилган эди.
Бу йилги учрашув ҳам айнан шу йўналишларни чуқурроқ қамраб олади. Бундан ташқари, Ўрта йўлакни ривожлантириш, мудофаа саноатини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари ва маданий лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилиниши кутилаяпти. Бу ҳақда ўтган йили Туркия Президенти Режеп Таййиб Эрдоған ҳам ишора қилган эди. У Боку шаҳрида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан бўлган суҳбатда ана шундай масалаларни санаб ўтганди.
«Қадрли қардошим, келаси йили Анқарада бўлиб ўтадиган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг V йиғилиши доирасида қишлоқ хўжалиги, мудофаа, энергетика, транспорт-логистика, шунингдек маданий-гуманитар соҳаларда муҳим келишувларга эришамиз, деб ишонаман. Биз Қозоғистон билан ўзаро савдо айланмасини 15 миллиард долларгача оширишга интиламиз», – деди Туркия Президенти.
Экспертлар фикрича, бу йиғилишда мудофаа масаласи алоҳида кўтарилиши мумкин. Қуролли кучларнинг жанговар шайлиги, ҳарбий таълим ва мудофаа-саноат соҳасида янги лойиҳалар амалга ошиши эҳтимоли юқори. Чунки геосиёсий омиллар мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга туртки бўлмоқда. Ундан ташқари, қўшма ҳарбий корхоналар сони ҳам ортиб бормоқда.
“Ҳарбий-сиёсий ҳамкорликда улкан салоҳият бор. Жорий йилда ҳарбий таълим, тажриба алмашиш, тиббий тайёргарлик, биргаликда тинчликпарварлик ва машқлар ўтказилди. Шунингдек, ҳарбий маҳсулотлар, жумладан учувчисиз учиш қурилмалар ишлаб чиқаришни ўз ичига олган ҳарбий ҳамкорлик режаси тасдиқланди. Киберхавфсизлик ва терроризмга қарши кураш борасидаги ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Яқинда бўладиган йиғилиш бу соҳаларда янги босқични бошлаб бериши мумкин”, – деди таҳлилчи Алия Мусабекова.