Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларга етди
BISHKEK. Кazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев ва Садир Жапаров Қозоғистон ва Қирғизистон Олий давлатлараро кенгаши йиғилишида иштирок этди, дея хабар беради Kazinform агентлиги Ақордага таяниб.
Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Садир Жапаров раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг еттинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Қирғизистон Президентига таклиф учун миннатдорлик билдириб, расмий ташрифдан кўзланган мақсадни қозоқ-қирғиз алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, деб атади.
“Ишончим комилки, юқори даражадаги сиёсий мулоқот туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади. Қозоқлар ва қирғизлар - қардош халқлар бўлиб, улар умумий тарих ва тақдир билан боғланган. Мамлакатларимиз оғир дамларда ҳам, бахтли кунларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган. Замон синовидан ўтган дўстлигимиз аждодларимиз қолдирган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маънавий меросдир. Бугунги кунда икки халқ ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган бузилмас шерикликка айланган. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар иттифоқчилик руҳида ривожланиб бормоқда. Қирғизистон Қозоғистоннинг минтақадаги асосий стратегик ҳамкорларидан биридир. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Инвестициявий ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб бормоқда, бу бизга қатор қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини берди. Биз сув-энергетика соҳасида ҳаракатларни мувофиқлаштирамиз. Маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар мустаҳкамланмоқда”, – деди Қозоғистон Президенти.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатимиз Қирғизистон билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Ўтган йили иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича тарихий шартнома имзолаган эдик. Ишончим комилки, бу муҳим қадамлар қозоқ-қирғиз муносабатлари ривожига янги суръат бағишлайди. Икки мамлакат ҳукуматлари ушбу режада белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиши керак”, - дея қўшимча қилди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Садир Жапаров Қозоғистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва азалий қардошлик руҳидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади.
“Қозоғистон - бизнинг энг яқин қўшнимиз, Қирғизистон ташқи сиёсатида алоҳида ўрин тутадиган қардош давлат, асосий савдо ҳамкорларимиздан биридир. Муҳтарам Қасим-Жомарт Кемелевич, шахсий кўмагингиз туфайли мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этмоқчиман. Халқларимиз азалдан бир-бирини қўллаб-қувватлаб, аҳиллик ва дўстликда яшаб келмоқда. Шу муносабат билан, аминманки, ўрнатилган мустаҳкам дўстлик анъаналарига асосланиб, биз барча юзага келаётган масалаларни биргаликда ҳал қила оламиз”, - деди Садир Жапаров.
Учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-транзит, сув-энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.