Қозоғистон ва Исроил алоҳида эҳтиёжли болаларни ўқитиш бўйича меморандум имзолади

Фото: Фото: ҚР Таълим-маориф вазирлиги

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон ва Исроил алоҳида эҳтиёжли болаларни ўқитиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолади. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазирлиги ва Исроил давлатининг Минтақавий ҳамкорлик вазирлиги, Таълим вазирлиги, Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш агентлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан имзоланди.

Ҳужжат инклюзив таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали алоҳида эҳтиёжли болаларнинг тенг асосда сифатли таълим олиш имкониятини таъминлашга қаратилган. Унда таълим соҳасида билим ва тажриба алмашиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, икки мамлакат таълим ташкилотлари ва мутахассислари ўртасидаги профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўзда тутилган.

— Бу Қозоғистон учун инклюзив таълим соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва шериклик алоқаларини чуқурлаштиришда муҳим қадамдир. Биз алоҳида эҳтиёжли болаларни ўқитиш амалиётини такомиллаштириш ва мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишда ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз, — деди Таълим-маориф вазири Жулдиз Сулейменова.

Сўнгги йилларда Қозоғистон инклюзив таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Барча тоифадаги болалар учун тенг имкониятларни таъминлаш учун зарур меъёрий-ҳуқуқий база яратилди. Мамлакатда махсус таълим ташкилотлари, психологик ва педагогик қўллаб-қувватлаш марказлари ва ресурс хоналари сони ортиб бормоқда ва барча мактабларда тўсиқсиз таълим стандартлари жорий этилмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида мамлакатда илк бор Бутунжаҳон инклюзив таълим конгресси бўлиб ўтди. Ушбу муҳим тадбир соҳадаги етакчи мутахассислар ва педагогик ҳамжамият вакилларини битта платформада бирлаштирди, тажриба ва ғоялар алмашиш имкониятини яратди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қозоғистонда инклюзив сиёсат концепцияси қабул қилинган эди.