Қозоғистон ва Хитойнинг Макао махсус маъмурий ҳудуди давлатлари ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги битимни имзоладилар

Фото: Фото: gcs.gov.mo

ASTANA. Kazinform – 9 апрель куни Макао махсус маъмурий ҳудудида “Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикасининг Макао махсус маъмурий ҳудуди ҳукумати ўртасида фуқароларни виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги битим”ни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Макао махсус маъмурий ҳудуди ҳукумат ахборот бюроси маълум қилди.

Шартномани икки томон номидан Қозоғистоннинг Хитойдаги элчиси Шахрат Нуришев ва Хитойнинг Макао махсус маъмурий ҳудуди маъмурий-ҳуқуқий иш бўлими бошлиғи Чжан Юнчун имзолади.

Юқоридаги келишув кучга киргандан сўнг, Қозоғистон Республикасининг амалдаги паспорт эгалари Макао ҳудудига визасиз киришлари ва 14 кунгача бўлишлари мумкин. Шу билан бирга, Макао махсус маъмурий ҳудудининг амалдаги паспортига эга бўлган Макао аҳолиси ҳам Қозоғистон Республикасига визасиз киришлари ва 14 кунгача қолишлари мумкин. Аммо саёҳатнинг мақсади туризм ёки транзит бўлиши керак. Қозоғистон фуқаролари Макаога, Макао фуқаролари эса Қозоғистонга визасиз ўқиш, ишлаш ёки яшаш учун бора олмайди.

Имзолаш маросимида Қозоғистон Республикасининг Гонконгдаги Бош консули Алмас Сейтақинов ҳам иштирок этди.

2023 йил 10 ноябрдан Қозоғистон ва Хитой ўртасида чекланган визасиз режим жорий этилган бўлиб, унинг доирасида фуқароларга қўшни давлатга 30 кунлик муддатга боришга рухсат берилди. Бироқ, бу рухсат Хитойнинг махсус маъмурий ҳудудлари - Гонконг ва Макаога тааллуқли эмас эди.

Ҳозирда Қозоғистон фуқаролари Гонконгга 14 кун давомида визасиз ташриф буюришлари мумкин, Макаога бориш учун эса (битимлар кучга киргунча) виза талаб қилинади.