Қозоғистон ва Хитой техник ва касб-ҳунар таълими соҳасида ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилди
ASTANA. Kazinform - ҚР Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев Хитой Халқ Республикаси таълим вазири Хуай Цзиньпэн билан учрашди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Томонлар техник ва касб-ҳунар таълими соҳасида Қозоғистон-Хитой ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Жумладан, учрашувда икки томонлама дипломли таълим ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, икки мамлакат талаба ва ўқитувчиларининг амалиёт ўташи, коллежларни инновацион ривожлантириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз юритилди.
“Қозоғистон ҳукумати меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда қозоғистонлик талабаларнинг деярли 65 фоизи техник ва касб-ҳунар таълим муассасаларида бепул таълим олади. Корхоналар буюртмасига кўра ишга жойлаштириш мажбурияти билан кадрларни мақсадли ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир макроҳудуди буюртмаси бўйича коллежларни лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда. Қозоғистон коллежлари халқаро аккредитациядан ўтмоқда. Бу борадаги ишларни кучайтириш ниятидамиз”, - деди Ғани Бейсембаев.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатдаги 772 та коллежда 540 мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Охирги беш йилда давлат буюртмалари ҳажми қарийб икки баробар ошди, шундан 70 фоизи техник йўналишларга йўналтирилди. 518 та корхона 410 та коллежни ўз ҳомийлигига олиб, кенгаш таркибида коллежларни бошқаришда иштирок этади. Бундан ташқари, ишчи касблар мақомини ошириш, илғор жаҳон профессионал стандартлари ва амалиётларини жорий этиш мақсадида ҳар йили мамлакатда WorldSkills чемпионати ўтказилади. Ўтган йили ўз тарихида илк бор ўқувчиларимиз EuroSkills халқаро танловида аъло натижага эришди.