Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтувчи юк машиналари учун электрон навбат тизими жорий этилади
TASHKENT. Kazinform – Июнь ойидан бошлаб Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида юк машиналари учун электрон навбат тизими жорий этилади, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
Бу ташаббус Алматида Қозоғистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитаси раиси Жандос Дуйсембиев ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбари Акмалхўжа Мавлонов ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Дастлаб “Қапланбек” (ҚР) – “Навоий” (ЎР) божхона постида электрон навбат тизими ишга туширилади.
Ўзбекистон Божхона қўмитасининг маълум қилишича, бу 2030 йилга бориб икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш имконини беради.
Томонлар, шунингдек, “Б.Қонисбаев” – “Яллама”, “Қазиғурт” – “С.Нажимов” ва “Сирдарё” – “Малик” станцияларида юкни камайтириш мақсадида бўш ва йирик юк автомашиналарини бошқа пунктлар орқали ўтказиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Шу билан бирга, йиғилишда масъул бошқармалар раҳбарлари Астана шаҳрида Ўзбекистон божхона хизмати ваколатхонаси ва Тошкент шаҳрида Қозоғистон божхона хизмати ваколатхонасини очишга келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, январь-апрель ойларида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш деярли 1,4 миллиард долларни ташкил этган.
Аввал хабар қилинганидек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун 4 та қўшимча савдо йўлаги очишни режалаштиряпти.