“Қозоғистон ўқитувчиси” миллий мукофоти жамғармаси 20 миллион тенгега кўпайди

Фото: Фото: Виктор Федюнин/Kazinform

ASTANA. Kazinform - Маълумки, ўқув йили якунланиб, таълим соҳаси натижалари эълон қилинмоқда. Шу билан бирга, ҚР Таълим-маориф вазирлиги тўрт чорак давомида ўқувчилар билимини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшган ўқитувчиларни рағбатлантиришни мақсад қилган. Хусусан, жорий йилда “Қозоғистон ўқитувчиси” миллий мукофоти жамғармаси 20 миллион тенгега кўпайди.

Ушбу ноёб тадбир ўқитувчиларнинг ажойиб ютуқларини нишонлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини рағбатлантириш ва бутун Қозоғистон бўйлаб ўқитишда янги ваколатлар ва имкониятлар яратиш учун мўлжалланган.

Маълумки, ғолиб 10 миллион тенгега эга бўлади. Финалга йўл олган иштирокчилар ҳам совғалардан холи бўлмайди. Уларнинг ҳар бири 1 миллион тенгедан олади. Бундан ташқари, финалчилар соврин жамғармаси 1 миллион доллар бўлган “Жаҳон ўқитувчиси” глобал мукофотига ариза топширишлари мумкин. Бундан ташқари, улар оммавий ахборот воситалари томонидан кенг кўламли ёрдамга эга бўладилар, бу уларга ўз усуллари ва инновацияларини жаҳон таълим ҳамжамияти билан баҳам кўриш имконини беради.

Бошланғич ва ўрта мактаб ўқитувчилари “Қозоғистон ўқитувчиси” миллий мукофотида иштирок этишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, ариза топшириш 2024 йил 22 апрелдан 22 июнгача давом этади. Номзодлар барча шартлар ва натижаларни https://www.teachers-summit.org сайтида текширишлари мумкин.

Жорий йилда “Қозоғистон ўқитувчиси” миллий мукофотининг асосий ташкилотчиси Inclusive Development Foundation корпоратив фонди ҳисобланади. Таълим-маориф вазирлиги ва Global Teacher Prize миллий мукофотни расман қўллаб-қувватлайди.

Қайд этиш жоизки, қозоғистонлик ўқитувчилар икки марта дунёнинг ТОП-50 ўқитувчилари қаторидан жой олган.

Муаллиф: Оралхан Қожанов