Қозоғистон ўтган йили 906 минг тонна арматура ишлаб чиқарган

Фото: Фото: gov.kz
ASTANA. Kazinform – Арматура ишлаб чиқаришни йўлга қўйган янги маҳаллий корхона импорт улушини 47 фоизга камайтириш имконини беради, дея хабар беради Kazinform ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Жамбил вилоятида ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги кўмагида «Тараз арматура заводи» МЧЖ томонидан Европа сифатига мос арматура ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Завод тўлиқ қувватга кириши билан йилига 350 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Корхонада янги технология асосида А-500 тоифаси бўйича сифатли арматура ишлаб чиқаришга қодир автоматлаштирилган прокат линияси ишга туширилиб, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари яхшиланаяпти. Бу билан импорт ўрнини босиш ва хорижга экспорт улушини ошириш режалаштирилган. Янги ишлаб чиқаришнинг ишга туширилиши қўшимча 90 кишининг иш билан таъминланиши ва ички қурилиш материаллари бозорида маҳаллий улушни оширишга хизмат қилади.

Сўнгги 3 йилда мамлакатда арматура ишлаб чиқаришда ижобий динамика кузатилмоқда. Масалан, 2022 йил охиригача Қозоғистонда 900 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди, шундан 220 минг тоннага яқини экспорт учун ишлаб чиқарилган арматура ҳисобланади.

Шу билан бирга, мамлакатга 700 минг тоннага яқин маҳсулот келтирилган. Шуни инобатга олган ҳолда, Тараз арматура заводининг ишлаб чиқариш имкониятлари келгусида импорт ҳажмини 47 фоизга қисқартиришга хизмат қилади, деган режа мавжуд.