Қозоғистон терма жамоаси робототехника бўйича жаҳон чемпиони бўлди
Қозоғистонлик мактаб ўқувчилари Сингапурда бўлиб ўтган робототехника бўйича энг йирик FIRST Global Challenge чемпионатида рекорд натижаларга эришди. Ушбу ғалаба билан терма жамоа ўтган йили Женевада ғалаба қозонган чемпионлик унвонини яна бир бор тасдиқлади, дея хабар беради Kazinform агентлиги ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизматига таяниб.
Қозоғистон терма жамоаси таркибида Алмати шаҳридаги Назарбоев физика-математика интеллектуал мактаби ўқувчилари: Турғинбай Нурислам, Жанзақов Нурсултан, Гапонов Сергей, Шаймерденова Дамели ва Коксал Иманали бор. Терма жамоа мураббийлари - Бекзат Инкаров ва Нурдаулет Досмағамбет.
– Биз Сингапурга Қозоғистоннинг барча ҳудудларидан 200 нафар мактаб ўқувчилари орасидан мамлакат босқичида саралаб олинган кучли жамоани олиб келдик. Жамоамиз олдига муҳим вазифа – ўтган йили Женевада бўлиб ўтган тарихий ғалабани такрорлаш вазифаси қўйилди ва улар аъло даражада ишлади, очколар сони бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Бундан ташқари, жамоа халқаро ҳамкорлик учун ҳакамлар мукофотларига сазовор бўлди, бу билан биз жуда фахрланамиз. Қозоғистонда робототехника йилдан йилга халқаро брендга айланиб бормоқда”, - деди USTEM Foundation жамоат фонди раҳбари Асилбек Мурзахметов.
FIRST Global Challenge - ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган Олимпия услубидаги глобал робототехника чемпионатидир. Бу йилги чемпионатда дунёнинг 190 дан ортиқ давлати иштирок этди. ҚР Таълим вазирлиги кўмагида ўтказилаётган робототехника олимпиадасининг саралаш босқичлари доирасида терма жамоа тузилди.