Қозоғистон СУАР билан товар айланмасини 22 миллиард доллардан оширишни режалаштирмоқда

Фото: Фото: ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги

ASTANA. Kazinform – 2024 йилда Қозоғистон ва Синьцзян-Уйғур автоном райони (СУАР) ўртасидаги товар айланмаси 20,5 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 22 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Ўрумчида Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири Арман Шакқалиевнинг СУАР Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз билан учрашуви чоғида маълум қилинди.

ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизматининг маълумотича, вазирнинг Хитойга ишчи сафари доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция жалб этиш ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга оид асосий масалалар муҳокама қилинди. Ўтган йили Қозоғистон билан Хитой ўртасидаги умумий товар айланмаси 43,8 миллиард долларни ташкил этди.

Синьцзян Қозоғистон-Хитой муносабатларида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳудуд Қозоғистоннинг тўртта вилояти билан чегарадош бўлиб, муҳим ишбилармонлик марказларидан бирига айланмоқда.

“Хитой билан шериклигимизни биз доим сиёсат сифатида эмас, балки ишонч ва дўстлик муносабатлари сифатида қабул қиламиз. Қозоғистон учун Синьцзян – алоҳида ҳудуд: биз қўшнимиз, узун чегарамиз ва кўплаб инсоний алоқаларимиз бор. Сиз раҳбарлик қилаётган даврда СУАРда иқтисод ривожланиб, янги имкониятлар очилаётганини кўриб турибман. Бу бизга янада олға интилишга илҳом беради. Ўтган йили СУАР билан товар айланмаси 22 миллиард долларга етди – бу тарихий кўрсаткич. Лекин биз бундан ҳам юқорисига эриша оламиз, деб ишонаман. Фақат ҳажмни кўпайтириш эмас, балки савдо турларини кенгайтириш, янги маҳсулотлар ва янги лойиҳалар қўшиш зарур. Қозоғистон бунга тайёр ва биз товар айланмаси рақамларда ўсиши билан бирга чегаранинг икки томонидаги одамларга фойда келтиришини хоҳлаймиз”, – деди Арман Шакқалиев.

Музокараларнинг асосий натижаси Қозоғистон ва СУАР ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини тайёрлашга келишиб олинганидир. Ушбу ҳужжат етказиб беришни диверсификация қилиш, нохомашё экспортини ривожлантириш ва минтақалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради.

Алоҳида эътибор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қаратилди. 2024 йилда Қозоғистон агросаноат маҳсулотларининг Хитойга экспорти 10,5 фоизга ўсиб, 1,44 миллиард долларни ташкил этди. Вазирнинг таъкидлашича, экологик тоза маҳсулотларга талаб ошиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, Қозоғистон дон, ёғли экинлар ва қайта ишланган маҳсулотлар етказиб беришни кўпайтиришни мақсад қилмоқда.

Томонлар минтақалараро ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди. Бугунги кунда СУАР Қозоғистоннинг вилоят ва шаҳарлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик келишувлари сони бўйича биринчи ўринда туради. Минтақалараро ҳамкорлик форуми фаолиятини кучайтириш ва чегарадош ҳудудлар Дўстона мулоқотини давом эттириш таклиф этилди.

Учрашув якунида томонлар савдо ва инвестициялар соҳасида шерикликни кенгайтиришга умумий интилишини тасдиқлади. Арман Шаққалиев синьцзянлик тадбиркорларни хомашёни қайта ишлаш, нефть-кимё ва металлургияга кўпроқ сармоя киритишга чорлаб, Қозоғистон инвесторларга замонавий инфратузилма ечимлари ва солиқ имтиёзлари таклиф қилишга тайёр эканини таъкидлади.