Қозоғистон савдо соҳасига киритилган инвестициялар 37%га ошди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Ҳукуматида экспортни ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича Президент топшириқлари қай тарзда бажарилаётгани ҳақида маълум қилинди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг «Адолатли Қозоғистон: қонун ва тартиб, иқтисодий ўсиш, жамоатчилик оптимизми» номли Мурожаатномасида савдони ривожлантириш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Давлат раҳбари аниқ вазифаларни белгилаб берди – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг позициясини мустаҳкамлаш, нохом-ашё экспортини ошириш ва кичик ҳамда ўрта бизнес учун қулай шароит яратиш. Президент топшириқларини амалга ошириш учун Ҳукумат шаффоф бизнес қоидаларини йўлга қўймоқда, ички савдони ривожлантирмоқда ва қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини ташқи бозорларга олиб чиқиш учун зарур инфратузилмани шакллантирмоқда.
Кўрилаётган чоралар натижасида соҳада барқарор ўсиш кузатилмоқда: 2025 йил январь-июль ойларида савдо ҳажми 8,6%га ошди, биринчи ярим йилликдаги инвестициялар эса 37%га ўсиб, 438 миллиард тенгега етди.
“Савдо соҳасида 800 мингдан зиёд бизнес субъекти фаолият юритмоқда, улар 1,5 миллиондан ортиқ инсонни иш билан таъминлайди”, – дея таъкидлади ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шакқалиев.
Бозорни муҳофаза қилиш ва қозоғистонлик маҳсулотларни илгари суриш
Ички бозорни ҳимоя қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор меъёрий чоралар ишлаб чиқилди. 2025 йил май ойида Қозоғистон Республикасининг товарлар келиб чиқиши мамлакатини аниқлаш масалаларига оид қонунчиликка ўзгаришлар киритилди. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ягона Реестри шакллантирилмоқда, унда ҳақиқий компаниялар тўғрисидаги маълумотлар тўпланади. Бу уларга давлат қўллаб-қувватлови чораларига, давлат ва квазидавлат харидларига йўл очади.
Савдони рағбатлантириш ва маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш мақсадида дўкон стеллажларида камида 50% жой қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотига ажратилиши кўзда тутилган дастур ишга туширилди.
Шу билан бирга, сифатсиз ва хавфли маҳсулотларни ички бозорга киришини чеклаш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
“Барча назорат органлари самарали ишламоқда. 47 мингдан ортиқ транспорт воситалари текширилди, бу товар оғирлиги бўйича 600 минг тоннадан зиёд чорвачилик маҳсулотини ташкил қилади. Натижада 900 дан ортиқ транспорт воситалари қайтарилди, 1 мингдан зиёд мувофиқлик ҳужжатлари бекор қилинди”, – дея таъкидлади Арман Шакқалиев.
Экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва маҳсулотни ташқи бозорга чиқариш
Нохом-ашё экспортини диверсификация қилиш ва ошириш мақсадида тўлиқ молиявий инструментлар спектрини таклиф этувчи Экспорт-кредит агентлиги «бир дарча» принципи асосида ишламоқда.
2025 йилнинг 7 ойида кўрсатилган қўллаб-қувватлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 200 миллиард тенгедан кўпроққа ошиб, 394 миллиард тенгени ташкил этди. Алоҳида эътибор кичик ва ўрта бизнесга қаратилиб, барча лойиҳаларнинг 71 фоизи улар улушига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, ўрта ва юқори қайта ишлаш маҳсулотлари улуши 83%га етди.
Қозоғистон маҳсулотларини ташқи бозорларда илгари суришни кучайтириш учун халқаро инфратузилма шакллантирилмоқда. Хитойнинг Чэнду, Урумчи, Нанкин ва Шандун провинцияларида шериклик офислари ва миллий павильонлар очилган. Ўзбекистонда «Термиз» халқаро маркази ҳудудида Қозоғистоннинг вакиллик майдончаси фаолият кўрсатмоқда. Экспортни илгари суриш ишлари БАА, Туркия, Ҳиндистон, Эрон ва Хитойда ҳам фаол давом этмоқда.
Президент топшириқларини бажариш доирасида устувор давлатлар билан ишбилармонлик миссиялари ўтказилмоқда ҳамда маҳаллий маҳсулотларни халқаро электрон майдонлар, жумладан jd.com, Doiyin ва Alibaba орқали илгари суриш ишлари йўлга қўйилган.
Шаффоф ва рақобатбардош биржа бозори учун янги қоидалар
ҚР Президенти топшириқларини бажариш мақсадида 2024 йил декабрда «Биржа савдоси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Унинг асосий мақсади – бозор фаолияти учун шаффоф қоидалар ўрнатиш ва рақобат муҳитини ривожлантириш.
“Қонун билан «ижтимоий аҳамиятли биржа маҳсулоти» тушунчаси киритилди. Бу эса энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Натижада нарх шаклланиши ошкора бўлади, ички бозорнинг барқарор таъминланиши кафолатланади ҳамда спекуляция ҳолатлари олди олинади”, – деди ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев.
Шунингдек, ижтимоий аҳамиятли товарлар билан савдо қилиш ҳуқуқига эга бўладиган биржаларни танлаб олиш учун танлов механизми жорий этилди. Бу эса барча иштирокчилар учун савдо майдончаларига тенг имконият яратади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига ёрдамнинг янги механизмлари
Президент топшириғига мувофиқ, тўғридан-тўғри нархни тартибга солишдан босқичма-босқич воз кечиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил апрелда Қозоғистон Республикаси қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
“Ушбу ўзгаришларга кўра, биз ижтимоий аҳамиятли товарлар нархини тўғридан-тўғри тартибга солишдан воз кечиб, адресли ижтимоий ёрдамга ўтамиз. Эндиликда нархнинг чегаравий ва юқори миқдорини белгилаш ўрнига 15 фоиз савдо устамаси устидан назорат кучайтирилади”, – дея таъкидлади Арман Шаққалиев.
Тайёргарлик босқичида «Рақамли озиқ-овқат ваучери» пилот лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу механизм адресли ёрдамни синаб кўришга қаратилган бўлиб, доимий ёрдам олувчиларга махсус озиқ-овқат ваучерлари тақдим этилади. Улар ушбу ваучер орқали ижтимоий аҳамиятли товарларни савдо устамасиз, яъни сотиб олиш нархида харид қилишлари мумкин бўлади. Бу эса ёрдамнинг мақсадли ва адолатли тақсимланишини таъминлайди.
“Президент топшириқлари алоҳида назорат остида. Ҳар бир чора-тадбир белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда, вазифалар белгиланган муддатда ва сифатли бажарилади”, – дея қайд этди вазир.
Савдо ва хомашёга оид бўлмаган экспортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар Президент топшириқларини изчил ва тизимли бажаришни кўрсатмоқда. Ҳукуматнинг ҳаракатлари иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам асос яратиш, рақобатбардошликни ошириш ҳамда Қозоғистонни халқаро савдо занжирларига янада чуқурроқ интеграция қилишга қаратилган.