Қозоғистон Республикаси Президенти ва Италия Вазирлар Кенгаши Раиси қўшма баёнот берди
08:14, 19 Январь 2024
RIM. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 18 январь куни расмий ташриф билан Италияда бўлди. Шу муносабат билан Қ.Тоқаев ва Италия Вазирлар Кенгаши Раиси Жоржа Мелони қўшма баёнот берди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Баёнотда қуйидагилар айтилади:
- Қозоғистон Республикаси ва Италия Республикаси ўртасида 2009 йил 5 ноябрдаги Стратегик шериклик тўғрисидаги Битим амалга оширилаётганини таъкидлаймиз ва икки давлат ўртасидаги барча даражадаги ишончли ва барқарор мулоқотдан мамнунмиз. Қозоғистон Италиянинг Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий ҳамкори, Италия эса Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги энг йирик савдо шериги ва Қозоғистон иқтисодиётига етакчи сармоядорлардан бири ҳисобланади.
- Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўттиз йил давомида Қозоғистон ва Италия ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, умумий қадриятлар ва самарали ҳамкорликка асосланган мустаҳкам шерикликка айланганини таъкидлаймиз.
- Қозоғистон-Италия ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганини таъкидлаймиз ва биз стратегик шериклик руҳида ўзаро манфаатли барча соҳалардаги муносабатларни диверсификация қилиш ва чуқурлаштиришни давом эттириш ниятидамиз.
- 2023 йил 5 сентябрь куни Астана шаҳрида Қозоғистон ва Италия Бош вазирлари ўринбосарлари – Ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган Қўшма декларация асосида иқтисодий соҳада савдо-сармоявий алоқаларни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этамиз. Энергетика, табиий ресурсларни қидириш ва қазиб олиш, яшил иқтисодиёт, қурилиш, инфратузилма, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, илмий-техник хизматлар ва консалтинг хизматлари ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаб, Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилишини олқишлаймиз.
- Биз Қозоғистон ва Италия ўртасидаги инвестиция муҳитини яхшилаш ва янада ривожлантиришга хизмат қиладиган Қозоғистон Республикаси ва Италия Республикаси Ҳукуматлари ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Шунингдек, Қозоғистон ва Италиянинг етакчи университетлари, хусусан, фан ва технологияларга ихтисослашган университетлар ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаймиз.
- Маданият соҳасидаги ҳамкорликни янада оширмоқчимиз.
- Биз 2023 йил 30 ноябрь куни Алмати шаҳрида Марказий Осиёдаги биринчи Италия маданият марказининг расмий очилишини олқишлаймиз. Бу икки мамлакат халқлари ва маданий алоқаларини янада яқинлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
- Томонлар Қозоғистоннинг Венецияда бўлиб ўтадиган 60-Халқаро замонавий санъат биенналесида иштирок этиши қозоқ маданияти ва санъатини Италияда ҳам, хорижда ҳам оммалаштиришга хизмат қилишини қайд этди.
- 2015 йил 21 декабрда Астанада Қозоғистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим доирасида икки давлат яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини маълум қиламиз. Шу муносабат билан биз 2022 йил 27 октябрь куни Астана шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитининг ўтказилишини олқишлаймиз.
- Биз Марказий Осиёда транспорт ва коммуникация соҳасида Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш билан боғлиқ йирик ташаббуслар бошланганидан мамнунмиз. Биз Европа Иттифоқининг «Global Gateway» лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлаймиз.
- Биз икки давлатнинг Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлиги учун мустаҳкам ва истиқболли асос яратиш, Марказий Осиёда минтақавий мулоқотни мустаҳкамлаш истагини тасдиқлаймиз. Бу фаровонлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётга эришишнинг асосий шартидир. “МО+Италия” форматидаги учрашувни 2024 йилда Римда, 2025 йилда эса Қозоғистонда ўтказиш муҳимлигини таъкидлаймиз.
- Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларининг Марказий Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчликни мустаҳкамлаш, дўстлик, ишонч ва дўстона қўшничилик муҳитини шакллантиришдаги ролини юқори баҳолайди.
- Италия Вазирлар Кенгаши Раиси Қозоғистон Республикасининг иқлим масалалари бўйича кун тартибини янада илгари суриш доирасидаги тегишли ташаббусларини юқори баҳолайди, шунингдек, Алмати шаҳрида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши тўғрисидаги Марказий Осиё давлатларининг лойиҳа офисини ташкил этиш, 2026 йилда Қозоғистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида Минтақавий иқлим саммитини ўтказиш бўйича таклифларни инобатга олади.
- Биз икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат тамойилига асосланган ҳамкорлик мустаҳкамланаётганини олқишлаймиз. Биргаликда яшаш ва ҳамкорликнинг умумий асоси сифатида, шунингдек, глобал ва минтақавий даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни рағбатлантириш ҳамда халқаро миграция масалалари бўйича мулоқотни, шу жумладан Алмати процеси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби кўп томонлама форумлар доирасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўзаро интилишимизни тасдиқлаймиз.
- Иқлим кун тартибининг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, биз 2023 йилда Дубайда бўлиб ўтган Бутунжаҳон иқлим конференциясида (CОР28) иқлим ўзгаришига қарши курашда ўз позициямизни яна бир бор тасдиқладик ва глобал исишни 1,5°С даражада ушлаб туриш мақсади тасдиқланишини олқишлаймиз.
- Қозоғистон Республикаси Президенти Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига “Катта еттилик”га муваффақиятли раислик қилиши учун ўз тилакларини билдирди.
- Қозоғистон Республикаси Президенти Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисини тез орада Қозоғистонга ташриф буюришга чақирди.