Қозоғистон Президенти Покистон нашрига суҳбат берди
АSTANА. Kazinform - Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Покистоннинг The News International газетасига суҳбат берди. Kazinform агентлиги ўқирманлар эътиборига суҳбатнинг тўлиқ матнини тақдим этади.
Қозоғистон Президенти Трамп сиёсатига юқори баҳо берди, халқаро муносабатларда реалистик ёндашувга чақирди
– Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларга, айниқса, савдо-инвестициявий ҳамкорликка қандай баҳо берасиз? Аниқроғи нималарни кутаяпсиз? Келажаги қандай?
– Қозоғистон Покистонни дўст мамлакат ва халқаро жамоатчиликда обрўси баланд стратегик шерик сифатида кўради. 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилган пайтдан бери умумий манфаатларимизга мос келадиган бир қатор масалалар ва лойиҳалар бўйича муваффақиятли ҳаракат қилиб келмоқдамиз.
Мамлакатларимиз ШҲТ, ИҲТ, ОҲИЧК каби муҳим халқаро ташкилотлар доирасида яқин ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйди. Шу тариқа, биз жаҳонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, барқарор ривожланишга ҳисса қўшмоқдамиз.
Покистонга илк давлат ташрифим шериклик доирасини кенгайтириб, ўзаро алоқалар тарихининг янги босқичига старт беради. Ташриф давомида имзоланган 60 дан ортиқ ҳукуматлараро ва бизнес келишувлар икки томонлама ҳамкорликка катта туртки бериши шубҳасиз.
Транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа секторлар иқтисодий ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишлари ҳисобланади.
Мен икки мамлакат компаниялари қўшма корхоналар тузиб, самарали лойиҳаларни амалга ошира олади деб ўйлайман. Бунинг учун имкониятлар етарли.
Биз ўзаро савдо-сотиқни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
– Покистон ва Қозоғистон ҳамкорлигининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтсангиз?
– Иқтисодий ҳамкорлик ва минтақалараро алоқа ўзаро шериклигимизда алоҳида аҳамиятга эга. Биз эзгу сиёсий иродамизни аниқ иқтисодий натижага эришиш учун сарфламоқчимиз. Хусусан, савдо-сотиқ ва инвестиция ҳажмини кенгайтириб, халқларимиз ўртасидаги алоқаларни жонлантирмоқчимиз.
– Минтақалараро алоқа умумий кун тартибидаги асосий мавзулардан бирига айланди. Қозоғистон учун бу масала қанчалик муҳим?
Ҳақиқатан, минтақалараро алоқани ривожлантириш кун тартибидаги энг долзарб масаладир. Бу борада Қозоғистон – Туркманистон – Афғонистон – Покистон коридорини яратиш лойиҳасига ҳисса қўшишга тайёрмиз. Бизнинг фикримизча, бу лойиҳа минтақаларни боғлаб, Жанубий Осиё бозорига чиқиш нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга эга.
Покистоннинг ушбу стратегик йўналишда мамлакатимиз билан яқин ҳамкорлик ўрнатишга интилаётгани қувончли. Манфаатдор томонлар транспорт-транзит лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишга фаол қатнашиб, умумий ишга биргаликда киришади деб умид қиламиз.
Президент Дональд Трампнинг ички сиёсати
– Бугунги кунда сиёсатчиларнинг барчаси АҚШдаги вазиятни диққат билан кузатмоқда. Сиз Америкадаги аҳволга, аниқроғи, Президент Дональд Трампнинг ички сиёсатини қандай баҳолайсиз?
— Президент Трамп – жуда кучли ва донишманд етакчи. У ўз мамлакати миллий манфаатларини ҳар доим биринчи ўринга қўяди. Буни АҚШ иқтисодиётининг юқори кўрсаткичларидан, шунингдек, ҳозирги пайтда мамлакат ичида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан, айниқса, ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришлардан билиб олиш мумкин.
Мен унинг ақл-заковатга қурилган сиёсатини ва қонун устуворлигини ўрнатишга қаратилган ҳаракатини қўллаб-қувватлайман. Қозоғистонда ҳам шунга ўхшаш йўналишни бошчиликка олиб, жамиятда «Қонун ва интизом» қоидасини ўрнатишни мақсад қилиб қўйдик. Шундагина мамлакатимиз бугунги ноаниқ замонда мустаҳкам давлатга айланади.
Менимча, фуқаролар қонун ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг талабларини сўзсиз бажариб, уларни ҳурмат қилиши лозим.
Иброҳим келишувлари
– Қозоғистон нима учун Иброҳим келишувларига қўшилди?
– Қозоғистон тинчлик, барқарорлик ва халқаро мулоқот қоидаларини ҳар доим мустаҳкам қўллаб-қувватлайди. Бу қоидадан келгусида ҳам чекинмаймиз.
Президент Дональд Трампнинг ғояси билан амалга ошган Иброҳим келишувлари, аслида, келажакка қаратилган ташаббусдир.
Ушбу келишувга қўшилиш орқали биз дипломатиянинг кучига ишонаётганимизни яна бир бор тасдиқладик. Чунки бу ҳар қандай зиддиятни ҳал қилиб, минтақада ва жаҳонда узоқ муддатли барқарорлик ўрнатиш мумкин бўлган ақлли восита.
Қозоғистоннинг Исроил билан муносабатлари яхши. Шунингдек, биз Фаластин халқини ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Икки давлатнинг тинч ҳамкорликда яшашига асосланган ечимни изчил равишда маъқуллаймиз.
Миллий манфаат нуқтаи назаридан қараганда, Иброҳим келишувларига қўшилиш мамлакатимизга инвестиция ва илғор технологияларни жалб қилиш, бошқа ҳамда катта иқтисодий фойдаланиш учун мустаҳкам асос яратади.
Қозоғистоннинг Иброҳим келишувларига қўшилиши араб ва яҳудий халқларини ҳозиргидан ҳам яқинлаштириб, янада кенг мусулмон-яҳудий мулоқотига олиб келишига умид қиламан.
Тинчлик кенгашини тузиш
– Бош вазир Шахбоз Шариф билан бирга Давосда Президент Трамп таклиф этган Тинчлик кенгашини тузиш бўйича келишувни имзоладингиз. Тинчлик кенгашини Бирлашган Миллатлар Ташкилотига муқобил қилиш ҳаракати сифатида қабул қилганлар ҳам бор. Сиз буни қандай баҳолайсиз?
— Тинчлик кенгаши – тез ва самарали натижага эришиш учун ўз вақтида кўтарилган жуда муҳим ташаббус. Президент Дональд Трампнинг ўзи Низомни имзолаш маросимида Тинчлик кенгаши Бирлашган Миллатлар Ташкилотини алмаштиришни эмас, балки унга ёрдам беришни кўзлаганини очиқ айтди. Афсуски, БМТ ҳозирда институционал инқирозни бошдан кечирмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ташаббус Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2803-қарорини амалга оширишга ёрдам беради. Мазкур қарорда тинчлик халқаро легитимлик, шунингдек, самарали етакчиликка суяниш кераклиги аниқ ёзилган.
Тинчлик кенгаши низоларни ҳал қилишнинг мослашувчан ва прагматик механизмларини таклиф қилиб, дунёдаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишига ишонаман.
Ғазо секторига мўлжалланган тинчлик режаси
– Ғазо секторида узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш режасига ишонасизми?
– Махсус вакиллар Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер таклиф этган режа яхши ўйланган. Менимча, бу жуда баландпарвозроқ ташаббус бўлса-да, уни амалга ошириш мумкин. Режанинг баъзи жиҳатлари тинчлик ва ривожланишга мустаҳкам асос яратадиган ривожланиш лойиҳасига ўхшайди.
Бироқ, икки халқ учун икки давлат тузишга сиёсий ирода бўлмаса, ҳар қандай режанинг тўлиқ амалга ошиши қийин. Тўхтовсиз қон тўкилишини тўхтатиб, оддий ҳаётга қайтишга фақат шундай ечимгина туртки бўла олади.
Россия-Украина можароси
– Россия ва Украина ўртасидаги уруш узоққа чўзилиб кетди. Сиз ўзингизни воситачи сифатида кўрасизми?
Ҳақиқатан ҳам, вазият жуда мураккаб. Бу ердаги энг муҳим масала – ҳудудий талаш эканини тушунамиз. Қозоғистон можарони фақат сиёсий, дипломатик йўллар билан ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Ҳозирги шароитда тинчликка эришишнинг ягона йўли – можарога қатнашувчи томонларни музокарага келиштириш. Бунга комил ишонамиз.
Қозоғистон воситачи ролини бажаришга интилимайди. Бироқ мамлакатимиз музокараларга бетараф майдон таклиф қилиб, ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр.
Гренландиянинг келажаги
– Жуда тажрибали дипломат сифатида Гренландия ҳудудига ҳарбий оккупация қилиниши мумкин деб ўйлайсизми? Сизнингча, қайси сценарий ҳақиқатга яқин?
— Мен бу масалага бошқа томондан қарар эдим. Халқаро тажрибада давлатлар маълум бир ҳудуд ёки стратегик объектни ижарага олиш шартномасини тузган мисоллар кам эмас. Оддий қилиб айтганда, бу каби ҳар қандай ечим халқаро ҳуқуқ доирасида, жумладан, БМТ Низомида мустаҳкамланган давлатнинг суверенитетини ҳурмат қилиш каби тамойилларни сақлаган ҳолда кўриб чиқилиши керак.
Масалан, Америка Қўшма Штатлари ва Данияга Гренландияни 120 йилга ижарага олиш тўғрисида келишув тузиш мумкин бўлар эди. Бу келишувга кўра, Гренландия қонунан Даниянинг бир қисми бўлиб қолади, шунингдек, унинг суверенитет ҳуқуқи бузилмайди. Амалий келишувлар эса стратегик манфаатларга мос келади.
Томонлар ўзаро мулоқот ва масъулиятли сиёсатни бошқариб, халқаро ҳуқуқдан четга чиқмай, охир-оқибат прагматик ва икки томонга ҳам манфаатли келишувга келишади деб умид қиламан.
Қозоғистондаги Конституциявий ислоҳот
– Ҳозирги вақтда Қозоғистонда Конституцияга киритиладиган тузатишлар қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу ўзгаришларнинг моҳияти нимада?
Мамлакат тарихида энг муҳим сиёсий трансформация жараёни бўлиб ўтмоқда. Бу ўзгаришлар ривожланишнинг фойдасини жамиятда адолатли тақсимлашни мақсад қилади.
Давлатнинг пойдеворини мустаҳкамлаш йўлидаги барча ҳаракатларимиз мамлакатимизни янгилашга, ҳақиқатан ҳам Адолатли Қозоғистоннинг асосини яратишга қаратилган.
Қозоғистон «суперпрезидентлик» моделидан воз кечиб, тийиб туриш ва мувозанат тизими самарали ишлайдиган президентлик республикаси намунасига ўтди. У, энг аввало, «Кучли Президент – нуфузли Парламент – ҳисобот берувчи Ҳукумат» концепциясига суянади.
Ҳозир биз сиёсий янгиланишнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйдик. Конституциявий ислоҳот доирасидаги энг муҳим ўзгаришлар қаторида бир палатали парламентга (Қурултой) ўтиш, Халқ Кенгашини тузиш ва Вице-президент лавозимини жорий этиш каби ташаббуслар бор. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари давлатнинг асосий устуворлиги сифатида эълон қилинади. Албатта, ҳамжиҳатлик ва бирлик, этник ва конфессиялараро келишув каби қадриятлар давлатчилигимизнинг мустаҳкам асоси бўлиб қолади.
Мамлакат ривожланишининг асосий йўналиши
– Ҳозирги Қозоғистоннинг стратегик ривожланиш йўналиши қандай?
— Мақсадимиз – Адолатли, Хавфсиз, Тоза ва Илғор Қозоғистон яратиш. Бу борада биз «Қонун ва интизом» тамойилини ҳамма нарсадан юқори қўямиз. Халқимиз бирдамлиги эса муқаддас қадрият сифатида қаралади.
Бугунги кунда Қозоғистон Марказий Осиёдаги иқтисодиёти энг йирик давлат ҳисобланади. Ўтган йили юқори иқтисодий ўсиш қайд этилди. Ички ялпи маҳсулот 300 миллиард доллардан ошди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ички ялпи маҳсулот ҳажми тарихий чегарага етди.
Инвестиция сиёсати барқарор, очиқ ва тушунарли ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, биз яқин йилларда Қозоғистонни тўлиқ рақамли давлатга айлантиришни мақсад қилган стратегик вазифани бажаришни бошладик. Сунъий интеллект ва бошқа илғор технологиялар фаол жорий этилмоқда.
Қозоғистонни Евроосиёдаги асосий транзит хаби қилишни истаймиз.
Бундан ташқари, мамлакатимиз энергетика соҳасини тўлиқ янгилашга киришдик. Бу борада хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда йирик лойиҳаларни амалга ошира бошладик.
Бу қадамлар танланган йўлимизнинг қандай эканини кўрсатади. Мақсадимиз – диверсификацияланган, технологик жиҳатдан илғор ва жаҳон даражасидаги рақобатга дош бера оладиган иқтисодиёт яратиш, халқимиз турмуш даражасини яхшилаш.