Қозоғистон олтин заҳирасини оширди: бу қандай фойда келтиради?

Фото: Фото: Kazinform / Midjourney / Freepik

ASTANA. Kazinform – Яқинда Дунё олтин кенгаши (World Gold Council) Қозоғистоннинг олтин захираси сўнгги ойда 7,4 тоннага ошганини маълум қилди. Бу билан мамлакат захирасидаги жами олтин ҳажми 298 тоннадан ошди. Олтин заҳирасини кўпайтириш нима учун муҳим ва бу Қозоғистон иқтисодиётига қандай фойда келтиради? Kazinform ахборот агентлиги таҳлилчиси ушбу масалага тўхталиб ўтди.

Дунё олтин кенгаши маълумотига кўра, Халқаро валюта жамғармаси ва Европа марказий банки ҳисобга олинмаган ҳолда Қозоғистон дунё бўйича 18-ўринда турибди. Мамлакат Буюк Британия ва Ливан ўртасида жойлашган. Энг кучли бешлик эса ўзгаришсиз қолган: АҚШ, Германия, Италия, Франция ва Россия. Биринчи ўринда турган АҚШнинг олтин захираси жорий йилда 8,13 минг тоннага етган.

Олтин заҳирасининг кўпайиши қандай фойда беради?

Молиячи Ғимран Абдрахмановнинг айтишича, олтин заҳираси давлат иқтисодиётида хавфсизлик механизми вазифасини бажаради ва ҳатто инфляцияни камайтиришда ҳам аҳамиятга эга.

Фото: Ғимран Абдрахманов шахсий архивидан

“Олтин заҳирасининг ошиши, аввало, мамлакат барқарорлиги ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш учун амалга оширилади. У инфляцияни камайтириш ва иқтисодий хатарларга қарши “хавфсизлик ёстиғи” вазифасини бажаради. Яъни олтин иқтисодий беқарор даврларда энг ишончли актив бўлиб қолади.

Евро ва доллар барқарор ҳисобланса-да, олтин ҳар доим ишончли ва хавфсиз восита сифатида қаралади. Чунки иқтисодий фаолиятдаги даврийлик туфайли компания акциялари, валюталар ва бошқа активлар қиймати тез-тез ўзгариб туради. Ҳатто миллий валюта – тенгенинг ҳам ноаниқлигини кўриб турибмиз. Шунинг учун олтин захирасини мунтазам тўлдириб бориш – энг тўғри ва самарали йўл”, – дейди эксперт.

Ҳозирда Comex биржасида олтиннинг бир тройя унцияси 3,2-3,36 минг доллар оралиғида сотилмоқда. Қозоғистон Миллий банки маълумотига кўра, 1 грамм олтин нархи кунлик 54-56 минг тенге атрофида баҳоланмоқда.

Фото: Pixabay.com

ҚР Саноат ва қурилиш вазирлиги мамлакатнинг фойдали қазилмалар билан таъминланганлигига оид янгиланган маълумотларни эълон қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирги ишлаб чиқариш суръати сақланадиган бўлса, Қозоғистондаги олтин захиралари тахминан 30 йилга етади.