Қозоғистон-Қирғизистон чегарасида саноат савдо-логистика мажмуаси ишга туширилади
ASTANA. Kazinform - Учрашувда Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Одилбек Қосималиевни Қирғизистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси раиси лавозимига тайинлангани билан табриклаб, унинг Астанага илк расмий ташрифи қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этишига эътибор қаратди.
“Айни пайтда қозоқ-қирғиз ҳамкорлиги жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаровнинг ўтган йили Қозоғистонга расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтарди. Фурсатдан фойдаланиб, Садир Нурғозоевичга самимий саломларимни етказишингизни сўрайман”, - деди Давлат раҳбари.
Президентнинг қайд этишича, икки давлат ҳукуматлари зиммасига юклатилган асосий вазифалардан бири эришилган келишувларнинг юқори даражада тўлиқ бажарилишини назорат қилишдан иборат. Хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун янги имкониятларни излаш, Қозоғистон-Қирғизистон чегарасида саноат савдо-логистика мажмуасини жадал ишга туширишга кўмаклашиш, транспорт ва транзит учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарур.
Ўз навбатида Одилбек Қосималиев Қирғизистон делегациясига қозоқ заминида кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Президент Садир Жапаровнинг саломи ва тилакларини етказди.
“Президентимиз қардош Қозоғистон билан дўстона ва аҳил қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга доимо катта эътибор қаратади ва қўллаб-қувватлайди. Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар туфайли Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сув-энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкамланди”, - деди Қирғизистон Ҳукумати раҳбари.
Одилбек Қосималиевнинг айтишича, давлат раҳбарлари томонидан қўйилган барча вазифалар қозоғистонлик ҳамкасблар билан биргаликда пухталик билан ишлаб чиқилмоқда.
Учрашувда қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, сув-энергетика соҳасида ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.